Жаҳон | 17:23 / 02.10.2020
74937
11 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги уруш. Эрдўған Путин ва Макронга тинчлик таклифлари билан суқилмасликни маслаҳат берди

Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг бешинчи кунида Франция, АҚШ ва Россия озарбойжонликлар ва арманистонликларни ўт очишни тўхтатишга чақириб қўшма баёнот билан чиқишди, аммо Туркия президенти уларга бу чақириқ ўринсиз эканини айтиб жавоб қайтарди. Зиддият томонлари ҳам тинчликка чақириқларга қулоқ солишни исташмаяпти.

Озарбойжон артиллерияси арман позицияларини ўққа тутмоқда / ANADOLU AGENCY

«Биз икки томон ўртасидаги қуролли ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Биз Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларини зудлик билан яхши қўшничилик мажбуриятини зиммасига олишга ва дастлабки шартларни илгари сурмасдан ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари кўмагида муносабатларни тартибга солиш учун музокараларни янгилашга ҳам чақирамиз», дейилади Россия, АҚШ ва Франция президентлари Владимир Путин, Дональд Трамп ва Эммануэль Макрон баёнотида.

Бу уч давлат 28 йилдан буён Қорабоғ низосини ҳал қилиш мақсадида тузилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ҳамраислари ҳисобланади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу баёнот эълон қилинишидан аввалроқ бу уч давлат тинчликпарвар ташаббуслар билан чиқиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақида гапирганди.

Туркия президенти Озарбойжон энди Россия, Франция ва АҚШнинг тинчликпарвар хизматларига муҳтож эмаслигини маълум қилган

«АҚШ, Россия ва Франция қарийб 30 йил мобайнида бу муаммони эътиборсиз қолдириб келганини инобатга олсак, улар ўт очишни тўхтатиш йўлларини излашда иштирок этишларига йўл қўйиб бўлмайди», деган Туркия парламентида чиқиш қилган Эрдўған. У тинчлик фақатгина «арман босқинчилари» Тоғли Қорабоғни тарк этганида бўлишини айтиб ўтган.

Туркия Тоғли Қорабоғ можаросида Озарбойжонни қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бу вақтда Франция президенти Эммануэль Макрон Қорабоғда Туркия таъсиридаги суриялик жангарилар ҳам жанг қилаётгани ҳақидаги жаҳон нашрлари томонидан эълон қилинаётган хабарларни тасдиқлади.

«Бизда суриялик жангарилар Газиантеп орқали Тоғли Қорабоғ йўналишида ҳаракатланганини кўрсатувчи аниқ маълумотлар бор. Бу тасдиқланган ҳақиқат, бу одамларнинг шахси аниқланган ва кузатилган, уларнинг барчаси ИШИДга алоқадор. Мен буни президент Владимир Путин билан муҳокама қилдим, у ҳам Россия шундай маълумотга эгалигини тасдиқлади.

Бу жуда жиддий факт. Яқин соатлар ичида биз буни шу ерда, саммитда муҳокама қиламиз», деган Макрон журналистларга Брюсселда ЕИ саммити бошланиши арафасида.

У, шунингдек, Туркиянинг ўзини тутиши НАТО аъзоси сифатида номақбул эканлигини қўшимча қилган ва Анқара «қизил чизиқ»ни кесиб ўтганини таъкидлаган.

«Биз президент Трамп ва президент Путин билан зарур хулосалар қилиш учун бу вазият бўйича барча маълумотларни алмашишга келишиб олдик. ЕХҲТнинг Минск гуруҳи иштирокчилари сифатида биз вазиятни нормал ҳолатга қайтариш ва шубҳасиз ўт очишни тўхтатиш мақсадида ҳаракат қиляпмиз», дея қўшимча қилган у.

Фронт чизиғи яқинидаги туманлар аҳолиси ўт очишлар қурбонига айланмоқда. Суратда ўзларига бомбапаноҳ қураётган тертерликлар

Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова пайшанба куни Россияда ҳам бу мавзуда айрим маълумотлар борлигини айтиб ўтганди. Ундан аввалроқ Россия ТИВ Қорабоғга Сурия ва Ливия ҳудудидан жангарилар келтирилаётгани ҳақидаги хабарлардан таассуфда экани ҳақида қисқача баёнот берганди.

Шу ҳафта давомида Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларда суриялик ёлланма жангарилар ҳам иштирок этаётгани тўғрисида Британиянинг BBC, Times ва Guardian газеталари, Франциядаги L'Express ва бошқа кўплаб нашрлар ёзиб чиққанди.

Тўқнашувлар бошланган 27 сентябрь куни бош офиси Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (SOHR) ҳам «Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган суриялик 300 жангчи Озарбойжонга ўтгани ва бу даъволар ишончли манбаларга асослангани» ҳақида маълумот тарқатганди. Обсерватория якшанба куни Суриянинг Африн шаҳридан келган ушбу жангчилар бир неча кун олдин Озарбойжонга етиб келгани ва бошқа жангчилар ҳам йўлга чиқишга тайёргарлик кўраётганини иддао қилган.

Пайшанба куни Қорабоғда икки нафар франциялик ва икки нафар арманистонлик журналист артиллериядан ўт очилиши оқибатида жароҳатланган. Шунингдек, ушбу ҳужум вақтида маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ҳалок бўлган.

Французлардан бири оғир аҳволда экани, у Степанакертдаги шифохонада операция қилингани айтилган.

Икки француз журналисти ҳам Le Monde нашри ходимларидир. Мартуни райони маркази «Града»дан ўққа тутилган вақтда улар билан бирга «Франс пресс» ва Россиядаги «Дождь» телеканали журналистлари ҳам бўлган, аммо улар бу ҳужумдан жароҳатланмаган.

Тертер билан қўшни бўлган, асосан арманлар яшайдиган Мардакертда ҳам тинч аҳоли вакиллари артиллерия зарбаларига дучор бўлмоқда

Икки томон ҳам душманнинг йўқотишлари тўғрисида маълумотлар беришда давом этмоқда.

Масалан, пайшанба куни Арманистон рақибнинг уч самолёти, уч вертолёти ва олтита учувчисиз учиш қурилмаси йўқ қилингани ҳақида хабар тарқатди. Озарбойжонлик ҳарбийлар эса буларнинг барчаси ёлғонлигини билдирди.

Озарбойжон томони ҳамон ўз йўқотишлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этмаяпти. Бокудагилар фақат арманларнинг артиллерия ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли орасида 19 киши ҳалок бўлиб, 55 киши яралангани ҳақида маълум қилган.

Арманистон томони қурбон бўлган ҳарбийлари рўйхатини эълон қилиб бормоқда: пайшанба куни кечқурун ҳолатига кўра рўйхатда  104 кишининг номи келтирилган.

Бундан ташқари, қорабоғлик омбудсмен Артак Бегларян ўтган 5 кун давомидаги жанглар вақтида тинч аҳоли орасида 11 киши ҳалок бўлгани ва 60 нафарга яқин киши яралангани ҳақида маълумот берган.

Фронт чизиғида ҳамон ўзгаришлар йўқ. Озарбойжон жангларнинг илк кунида, 27 сентябрь куни фронт чизиғининг жанубий қисмида, Эрон билан чегаралар яқинида олдинга силжиш кузатилгани ва Қорабоғ шимолидаги бир неча тепаликлар эгаллангани ҳақида маълум қилганди, ўшандан буён янги муваффақиятлар ҳақида ҳисобот берилмаган.

Ҳарбий ҳаракатлар қандай бошланганди?
Арманистон мудофаа вазирлиги якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 08:10да Озарбойжон томонидан тинч аҳоли пунктларига ҳужум уюштирилганини эълон қилди.

Арманистон Озарбойжоннинг иккита вертолёти, учта дрони ва учта танки йўқ қилганини эълон қилди. «Жавобимиз ҳисобли бўлади, вазият учун Озарбойжоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти жавобгардир», дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ўз навбатида Озарбойжон томони ҳам «Арманистоннинг чегарадаги жанговар ҳаракатларига барҳам бериш ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун қарши ҳужумга ўтилгани»ни маълум қилди.

2016 йилда ҳам минтақада тўрт кун давомида тўқнашувлар содир бўлганди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти йиллар давомида муаммони ҳал қилиш учун воситачилик фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Россия, Франция ва АҚШни ўз ичига олган Минск гуруҳининг ҳам шу каби фаолияти ҳануз ҳеч қандай натижа бермади.

Туркиянинг позицияси
«Биз арман халқини ўзини ўзи фалокатга олиб борувчи ҳукуматлари ва уларни қўғирчоқдек ўйнаганларга қарши туришга, ўз келажакларига эга чиқишга даъват қиламиз. Биз бутун дунёни зулмга қарши курашда Озарбойжоннинг ёнида туришга чорлаймиз», деди 27 сентябрь кунги хабарлар ортидан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида.

Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин Туркия Арманистоннинг Озарбойжонга қарши ҳужумини кескин қоралаши ва бу тажовузга қарши Озарбойжоннинг ёнида туриши ҳақида гапирди.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳами Аксой ҳам ушбу масала бўйича муносабат билдирди. «Арманистон қуролли кучлари бугун эрталаб ўт очишни тўхтатиш тартибини бузган ҳолда олдинги чизиқда Озарбойжон армияси билан Тертер туманига қарашли Капанли, Ағдам туманига қарашли Чиракли ва Ортакербент, Фузулий туманига қарашли Алҳамли ва Шукурбейли қишлоқларига оғир қуроллар билан ҳужум қилганидан хабар топдик. Биз Арманистоннинг халқаро ҳуқуқни очиқдан очиқ бузиши ва фуқароларнинг қурбон бўлишига олиб келадиган ҳужумларини қатъиян қоралаймиз. Бу жараёнда Туркия Озарбойжонни тўла қўллаб-қувватлайди. Озарбойжон қандай хоҳласа, ўшандай ёнида турамиз», деди у.

Туркия мудофаа вазири Хусуси Акар Кавказдаги тинчлик ва барқарорликка энг катта тўсиқ Арманистоннинг тажовузкор муносабати эканини қайд этиб ўтди.

Адолат ва тараққиёт партияси спикери Умер Челик ҳам Арманистоннинг ҳужуми ҳақида баёноти билан чиқди. «Биз Арманистоннинг Озарбойжонга ҳужумини кескин қоралаймиз. Арманистон яна бир бор ноқонуний провокацияни амалга оширди. Арманистонга алоқадор қирғин тармоқлари ушбу хуружлар орқали инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда. Халқаро ҳамжамият Арманистонга қарши ўз овозини кўтариши керак», деди у.

Туркия МHP раҳбари Давлат Боғчали ҳам масала юзасидан ёзма баёнот берди. «Қорабоғ туркникидир, туркнинг ватанидир. Ҳеч ким бу ҳақиқатни ўзгартира олмайди. Ягона мақсади турк душманлиги бўлган Арманистон ва унинг ёлланган қуролли кучлари турк миллатини тутиб қолиш имконига эга эмас. Қонимиз билан, жонимиз билан, бутун борлиғимиз билан Озарбойжоннинг ёнидамиз», деганди Боғчали.

Қорабоғ низоси - қисқача тарихи
Арман ва озар ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар — этник низонинг навбатдаги эпизоди бўлиб, бу зиддият марказида Тоғли Қорабоғ мақоми бўйича ҳудудий баҳс туради.

Советлар даврида бу ҳудуд автоном област сифатида Озарбойжон ССР таркибида бўлган, аммо ҳудуд аҳолиси орасида арманлар кўпчиликни ташкил этган.

Маҳаллий арманларнинг Арманистон билан бирлашув учун ҳаракатлари СССР ҳукумати томонидан бостирилиши охир-оқибат можарога олиб келган, СССР парчалангач эса кенг миқёсли уруш бошланган, ҳарбий ҳаракатлар давомида этник тозалашлар ўтказилган, ҳарбий жиноятлар содир этилган.

Уруш 1994 йилда ЕХҲТнинг Минск гуруҳи (Россия, Франция ва АҚШ) воситачилигида сулҳ тузилиши билан якунланган.

Сулҳ битимидан кейин Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги еттита туман арман ҳарбийлари назоратида қолган. Бу ҳудудда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ташкил этилган. Боку эса бу ҳудудни арманлар томонидан босиб олинган ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.

Ереван расман Тоғли Қорабоғ республикасини тан олмаган, аммо ўзини унинг хавфсизлиги кафолати деб билади, республика бюджети ва армияси Арманистон билан чамбарчас боғлиқ.

1994 йилдан буён ўтказилган тинчлик музокаралари наф бермаган.

Мавзуга оид