Жаҳон | 09:48 / 05.10.2020
8354
3 дақиқада ўқилади

Грузия ўз ҳудудида Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилиш таклифи билан чиқди

Грузия ўз ҳудудида Қорабоғ можаросини ҳал қилиш бўйича ЕХҲТ Минск гуруҳи йиғилишини ўтказишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат президенти Саломе Зурабишвили «Рустави 2» эфирида айтиб ўтди.

«Икки томонда ҳам ЕХҲТнинг Минск гуруҳини жалб қилишга тайёр бўлиш шартлари қайд этилган. Менимча, учрашувни ҳеч бўлмаганда Грузияда ўтказилишига кўмаклашишимиз керак. Биз ҳамма нарсани қиламиз ва улар учун мақбул бўлган барча нарсага тайёрмиз», - деди Зурабишвили. 

Унинг сўзларига кўра, можаронинг кучайиши, аввало, барқарорликка таҳдид солади.

«Бизнинг асосий ютуғимиз - барқарорлик. Биз (Грузия) минтақада барқарорлик ва демократия ороли эканлигимизни, уни қайта тиклаш кераклигини кўп бора айтдик. Биз ўзаро боғлиқмиз ва тинчликдан бошқа истиқболни кўрмаяпман», - дея қўшимча қилди Грузия президенти. 

Зурабишвилининг таъкидлашича, Грузия ҳар иккала қўшни давлатга нисбатан бетарафлик позициясига эга. Шунингдек, у томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди ҳамда Озарбойжон ва Арманистон раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашиш нияти борлигини айтди. 

Тоғли Қорабоғдаги вазият 27 сентябрь куни эрталаб кескинлашди. Жанговар ҳаракатлар Озарбойжон ва Арманистон чегарасида бошланди. Томонлар кескинликда бир-бирини айблади. Тоғли Қорабоғ, Озарбойжон ва Арманистон ҳукуматлари ҳарбий ҳолатни жорий қилди. 

АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича қўшма баёнот билан чиқди. АҚШ, Россия ва Франция президентлари - Доналд Трамп, Владимир Путин ва Эммануэл Макрон қўшма баёнотда Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларини Тоғли Қорабоғ бўйича музокараларни ҳеч қандай шартларсиз қайта бошлашга чақирди

«Биз Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларини зудлик билан, виждонан ва ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари кўмагида келишув бўйича музокараларни тиклаш учун ҳеч қандай шартлар қўймасдан ўз зиммаларига мажбуриятларни олишга чақирамиз», - дейилади Минск гуруҳи ҳамраислари бўлган давлат раҳбарларининг баёнотида. 

Мавзуга оид