Жаҳон | 23:34 / 05.10.2020
3477
2 дақиқада ўқилади

Литва Беларусдаги элчисини чақиртириб олади

Иккинчи октябрь куни Беларусь ташқи ишлар вазирлиги Польша ва Литвага Беларусдаги дипломатик ходимлари сонини 9 октябргача қисқартириш таклифи берилганини хабар қилганди.

Фото: AP

Литва Беларусдаги элчисини маслаҳатлашув учун чақиртириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс маълум қилди.

"Беларусларни қўллаб-қувватлашни сақлаб қолиш ҳали ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу алоқа каналларини ушлаб туриш учун муҳим сабабдир. Шу боис Литва Польша билан мувофиқликда Минскдаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олади", - деб ёзди у Twitter саҳифасида.

Иккинчи октябрь куни Беларусь ташқи ишлар вазирлиги Польша ва Литвага Беларусдаги дипломатик ходимлари сонини 9 октябргача қисқартириш таклифи берилганини хабар қилганди. Беларуснинг Польша ва Литвадаги элчилари маслаҳатлашув учун чақиртириб олинган.

Беларусь ТИВнинг билдиришича, бу Беларуснинг ички ишларига очиқчасига аралашаётган мазкур икки давлатнинг "нодўстона очиқча ҳаракатлари" билан боғлиқ.

Аввалроқ Беларусь ҳукумати мамлакатдаги норозилик намойишлари хориждан бошқарилаётганини билдирганди. Президент Александр Лукашенко Польша, Чехия, Литва ва Украинани ана шу мамлакатлар сифатида санаб ўтганди.

Беларусда оммавий норозилик намойишлари 9 августда, президент сайловида Лукашенко олтинчи марта ғалаба қозонганидан сўнг бошланганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид