Ўзбекистон | 22:45 / 06.10.2020
6981
3 дақиқада ўқилади

Шуманайнинг 4та сектор раҳбари халқдан кечирим сўраб, туманни «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича «йўл харитаси»ни тақдим этди

6 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани кенгашининг навбатдаги 13-сессияси бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда 1-сектор раҳбари Б.Янгибаев ва бошқа сектор раҳбарлари томонидан туман ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл қўйилган камчиликлар туфайли «қониқарсиз» даражага тушиб қолиши юзасидан изоҳ берилди.

Сессияда туман раҳбарлари камчиликлар «йўл харитаси» асосида бартараф этилишини айтиб, туман аҳли ва депутатлардан кечирим сўради.

Шуманай тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари бўйича 12,36 балл жамғариб, «қониқарсиз» дея баҳоланган.

2019 йил якунлари бўйича туманнинг «қониқарсиз» даражага тушиб қолишига қуйидаги омиллар сабаб бўлгани билдирилди:

  • Иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича аҳоли жон бошига 1 млн 11 минг сўмга тўғри келган бўлса, бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси саноатидаги улуши 0,46 фоизни ташкил этди.
  • Ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 56 млрд 541 млн сўмни ташкил қилиб, жуда паст кўрсаткични кўрсатган.
  • Туманда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш кўрсаткичи ҳам қониқарсиз даражада эканлиги қайд этилган. Ўтган 2019 йилда президент портали, Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонадан 32та қайта мурожаатлар келиб тушиб, уларнинг ечимида камчиликлар кўзга ташланган.

Туман ҳокими Баҳодир Янгибаевнинг таъкидлашича, камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор ишлар бошлаб юборилган.

Жумладан, 2017–2019 йилларда амалга оширилган лойиҳалар 2020 йилга келиб ўзининг дастлабки самарасини бермоқда. Халқ хўжалиги йўналиши бўйича ўтган 9 ой давомида 25 та саноат корхоналари янгидан ташкил қилинган. Шу кунга қадар туманда умуман йирик корхоналар йўқ бўлса, жорий йилнинг март ойида «Шоманай эко текс» корхонаси томонидан қиймати 20,9 млн долларлик, қуввати 7300 тонна ип калава ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Натижада 480та доимий иш ҳақи тўланадиган иш ўрни яратилди. Ўтган давр мобайнида 80 млрд сўмлик (3,4 минг тонна) маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб,2,1 млн долларлик маҳсулотлар Хитой, Россия, Туркия ва Беларус давлатларига экспорт қилинган.

Бундан ташқари, жорий йил 3 август куни «Лиантай ликрайс» корхонасида 100 фоиз хорижий инвесторлар маблағлари ҳисобига лойиҳа қиймати 1,2 млн АҚШ долларлик қизилмия илдизини қайта ишлашда йилига 400 тонна СЖA кукунини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди ва 60та иш ўрни яратилди. Корхонада шу кунга қадар 117 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган. Йил якунига қадар 1,3 млн доллар қийматдаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиши таъминланади.

2021 йилда яна битта йирик саноат ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Яъни «Шоманай текс» корхонасида 2021 йилда лойиҳа қиймати 5,9 млн долларлик йилига 3,5 млн метр квадрат брезент ва габардин мато ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан шу йил 2,8 каррага (165,1 млрд сўм) ўсиши, аҳоли жон бошига эса 1 млн сўмдан 2,9 млн сўмга оширилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид