Ўзбекистон | 19:38 / 07.10.2020
54971
2 дақиқада ўқилади

Гулистондаги коронавирус марказида рўй берган портлаш бўйича жиноий иш очилди

Гулистондаги коронавирус марказида юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, портлаш юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилди.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 7 октябрь куни соат 8:13да Гулистон шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида юз бергани, ҳодисага мажмуадаги кислород баллони ёрилиши сабаб бўлганини маълум қилганди.

Воқеа жойига зудлик билан вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят прокурори, ҳудудий ДХХ, ИИБ, ФВБ, ССБ бошлиқ ва ходимлари етиб келиб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг терговчи ва бошқа тезкор ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи, тезкор маълумотлар ва фавқулодда ҳолатлар бўйича штаб, ахборот-таҳлил гуруҳи тузилган. Ҳодиса оқибатида мажмуада кислород станциясига хизмат кўрсатган Д.М. тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, вафот этганлар йўқ.

Мавзуга оид