Жаҳон | 23:27 / 07.10.2020
3004
2 дақиқада ўқилади

Туркия парламенти Сурия ва Ироқда армиядан фойдаланишга рухсатни яна бир йилга узайтирди

Туркия парламенти ҳукуматнинг мамлакат қуролли кучларининг Сурия ва Ироқда операциялар ўтказиш учун ваколатини узайтириш ҳақидаги илтимосини маъқуллади. Парламентда бу масала бўйича овоз бериш 7 октябрда ўтган. 

Фото: © EPA-EFE/Yahya Nemah

Берилган ваколатга мувофиқ, Туркия армияси мамлакат ташқарисида – Сурия ва Ироқда жанговар операциялар ўтказишга қонуний имкониятга эга. Ушбу ваколат, шунингдек, Туркия ҳудудида Анқарага ушбу трансчегаравий операцияларда кўмак кўрсатаётган ёки уларда иштирок этаётган давлатлар контингентлари ва ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат беради

Туркия 2019 йилда қўшни Сурия ҳудудида учта ҳарбий амалиёт: “Фрот қалқони”, “Зайтун новдаси” ва “Тинчлик манбайи” деб номланган операцияларни ўтказган. Бу операциялар натижасида Суриянинг чегарадаги Аъзаз ва Жараблус шаҳарлари ўртасида хавфсизлик буфер ҳудуди ташкил этилган, Африн босиб олинган, Фротдан шарқ томондаги ҳудуд назорат остига олинган.

Бундан ташқари, Туркия Курдистон ишчи партиясининг Ироқдаги позициялари – лагерлари, панагоҳлари, қўмондонлик пунктлари ва қурол-аслаҳа омборларига вақти-вақти билан зарба бериб туради. Туркия армиясининг бундай трансчегаравий операцияларни ўтказишига рухсат парламент томонидан берилади. Туркия парламенти амал қилиш муддати бир йил бўлган ушбу рухсатни 8 йилдан бери узайтириб келмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид