Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади
Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламентга киритилди.
Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки кўмагида Молия вазирлиги томонидан жалб этилган халқаро даражадаги маслаҳатчи экспертлар ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат харидлари бўйича амалдаги илғор тажриба ҳамда халқаро тажриба, шу жумладан, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидалари, ИҲТТ тавсиялари, шу билан бирга, харид қилиш жараёни хусусиятлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар, ўрганилаётган мамлакатларнинг ҳар бирининг давлат органлари ваколатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан ўхшашлиги эътиборга олинган.
Давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари иштирокчиларига қулайликлар ва кенг имкониятлар яратиш орқали харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳасига қуйидаги мазмундаги асосий янгиликлар киритилди:
- давлат харидлари соҳасида давлат буюртмачилари қамровини кенгайтириш мақсадида, давлат харидларини амалга оширишнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг корпоратив буюртмачилар сифатида давлат харидларида иштироки таъминланади;
- давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини ошириш орқали улар ўртасида кенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини кўпайтириш ва бу орқали операторлар ўртасида рақобат муҳитини яратиш, натижада давлат харидлари иштирокчилари учун қулай шароит ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга эришилади;
- давлат харидлари қисқа муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, электрон бозор - бир иш куни, (амалдаги таҳрирда қирқ саккиз соат), аукцион - камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда камида ўн кун), танлаш - камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда танлов камида ўн кун) ва тендер - камида ўн беш иш куни (амалдаги таҳрирда тендер камида ўттиз кун) этиб белгиланди;
- давлат буюртмачиларига харид қилиш тартиб-таомиллари турларини танлаш имкониятларини ошириш мақсадида, электрон бозор, аукцион ва танлаш учун харидларни амалга ошириш мезонлари мувофиқлаштирилди, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача (бюджет буюртмачилар учун олти минг бараваригача) этиб белгиланди;
- давлат харидларини амалга ошириш механизмларини электронлаштириш мақсадида, тендер (танлаш) ўрнатилган тартибда электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди;
- давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрочиларига ўзларининг таъсисчилари ва бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда;
- харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) сифати янада оширилишини таъминлаш мақсадида, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори жорий этилади.
Асосий эътиборга молик жиҳати шундаки, Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш мақсадида давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши ва шартнома бўйича мажбуриятлар талаб даражасида бажарилиши учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли нормалар киритилмоқда.
Шу жумладан, бугунги кунда давлат харидлари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунидан келиб чиқиб давлат тилида эълон қилиниши ва тарқатилиши шартлиги белгиланмоқда.
- Шунингдек, давлат харидларида коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасида иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси давлат харидлари бўйича савдоларда битта лотда иштирок этиши мумкин эмас ва ҳоказо;
- иштирокчининг ва (ёки) ушбу иштирокчининг ваколатли вакилининг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ёки давлат буюртмачисининг ёки у томонидан жалб қилинган ихтисослашган ташкилотнинг вакили бўлган ҳолларда иштирокчи давлат харидларида иштирок этишига чеклов белгиланмоқда. Ушбу ҳолат орқали инсофсиз рақобатнинг олдини олишга эришилади.
«Ҳозирги кунда афсуски давлат харидларининг аксарият қисми уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга ошириб келинмоқда.
Харид қилиш тартиб-таомилларининг барча турлари орқали давлат харидларини электрон тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш соҳада янада очиқлик ва шаффофликка, рақобат муҳити ривожланишига, инсон омили қисқаришига ҳамда коррупциянинг олдини олишга эришилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасининг амалга оширилиши халқаро рейтингларда мамлакатнинг баҳосини яхшилашга, шу жумладан, ИҲТТ ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси мониторинги, Давлат молиясини бошқариш самарадорлигини халқаро баҳолаш (PEFA) томонидан ўтказиладиган баҳолашларда яхши натижаларга эришишни таъминлайди ва мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги обрўсини ошириб, хорижий инвестициялар жалб этилишига ўз таъсирини кўрсатади.
Мазкур ҳужжатнинг долзарблиги ва муҳимлигини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаси 30га яқин вазирлик ва идоралар, шу жумладан, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар билан келишилган.
Ўйлаймизки, ушбу ҳужжат қабул қилиниши давлат харидлари соҳасида янада очиқлик ва шаффофлик ҳамда кенг рақобат муҳитини таъминлашга замин яратади», дейилади Молия вазирлиги хабарида.
Мавзуга оид
00:03 / 28.12.2025
Тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар рўйхати бекор қилинади
13:55 / 18.11.2022
“1 январдан давлат харидлари порталини тушуниш осон бўлган тарзда янги шаклда ишга туширамиз” – Тимур Ишметов
23:38 / 09.11.2022
Президент давлат харидлари бўйича тартибни ўзгартирди
15:59 / 31.10.2022