Жамият | 17:10 / 08.10.2020
2937
3 дақиқада ўқилади

Сенатда элчиларнинг ҳисоботини эшитиш таклиф қилинмоқда

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб қилинган қонун лойиҳасига мувофиқ, Сенатга Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг фаолиятига доир ҳисоботларни бевосита ёки видеоконференцалоқа шаклида эшитиш ваколатини бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев ёзиб қолдирган.

«Маълумки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг қатор хорижий давлатларда дипломатик ваколатхоналари фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимизнинг хорижда жами 35та элчихонаси, 3та доимий ваколатхонаси, 16та бош консуллиги, 1та консуллиги мавжуд бўлиб, уларнинг зиммасига хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси жисмоний ҳамда юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан ташқари хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатимизнинг экспорт бозорларини кенгайтириш ва туризм салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашиш каби бир қатор муҳим вазифалар ҳам юклатилган.

Амалдаги қонунчиликда, хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунининг 9-моддасида ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тартиби белгиланган бўлса-да, бироқ дипломатик вакилларнинг амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Шу нуқтайи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб қилинган қонун лойиҳасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенатига Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг фаолиятига доир ҳисоботларни бевосита ёки видеоконференцалоқа шаклида эшитиш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳозирда Қонунчилик палатасига киритилган бўлиб, тез кунларда депутатлар томонидан биринчи ўқишда муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ–5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурининг 1-банди ижроси доирасида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади», дейди Қодир Жўраев.

Мавзуга оид