Ўзбекистон | 11:48 / 08.10.2020
3425
1 дақиқада ўқилади

SkyUp Airlines Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Украинанинг SkyUp Airlines авиакомпанияси Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотида айтилган.

Қайд этилишича, SkyUp Airlines мунтазам қатновларни икки мамлакат минтақалари ўртасидаги рейслар сонини босқичма-босқич кенгайтириш билан йўлга қўйишни мўлжаллаган.

Билдирилишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Украина Маданият вазирлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги ўртасида видеоконференция ўтказилди. 

Онлайн мулоқот доирасида томонлар COVID-19 пандемиясининг туризм соҳасига таъсирини юмшатиш бўйича ўзаро тажриба алмашишди ва халқаро сайёҳлик қатновларини тиклаш бўйича устувор чора-тадбирларни муҳокама қилишди. 

Онлайн мулоқот якунига кўра, томонлар Ўзбекистон ва Украина ўртасида сайёҳлик оқимини тиклаш ҳамда туристик маҳсулотларни тарғиб қилишга қаратилган қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишга келишиб олишди, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид