Жаҳон | 22:23 / 09.10.2020
7754
8 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Франция ва Британияда қизил ҳудудлар, Нидерландияда карантинга қарши чиққанлар ҳибсга олинди

Дунё бўйлаб коронавирусдан янги касалланиш ҳолатларининг умумий сони ортиб бормоқда, АҚШда Covid-19 эпидемиясининг эпицентри мамлакат шимолига кўчган, Трамп йўталяпти, аммо ишига қайтмоқда; Нидерландияда чеклов чораларига қарши акция давомида ўнлаб одамлар ҳибсга олинган. Бельгиядаги касалхоналарнинг даволаш бўлимларидаги ўринларнинг 50 фоиздан ортиғи банд. Украина ва Германияда касалланиш бўйича рекордлар ўрнатилмоқда, Франция ва Британияда карантин қоидалари қатъий бўлган қизил ҳудудлар пайдо бўлди.

Фото: Reuters

Исроил расмийларининг хабар беришича, мамлакатда сентябрь ойи ўрталарида жорий қилинган иккинчи локдаун натижа берган ва инфекция тарқалиши секинлашган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган кун давомида мамлакатда Covid-19'нинг 4,1 мингта янги ҳолати аниқланган, аммо кетма-кетликдаги учинчи кунда кўрсаткичларнинг пасайиши кузатилмоқда.

Исроилда энг қониқарсиз ҳолатлардан бири кузатилган, пандемия бошидан бери рўйхатга олинган ҳолатларнинг умумий сони 282 мингдан ошади.

Шу билан бирга, беморлар ва ўлим ҳолатлари сони нисбати дунёдаги энг ижобий кўрсаткичлардан бири ҳисобланади: бугунги кунга қадар Исроилда коронавирусдан 1824 киши вафот этди.

Исроил бутун мамлакат бўйлаб икки марта локдаун жорий қилган дунёдаги ягона мамлакат.

Ҳиндистонда ўтган кун давомида 70 мингдан ортиқ янги ҳолатлар аниқланди, мингга яқин инсон вафот этди. Ҳиндистон вирусга чалиниш ҳолатлари бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринда туради – 6,9 миллион киши, ўлим кўрсаткичи бўйича эса (АҚШ ва Бразилиядан кейинги) учинчи ўрин – деярли 106,5 минг қурбон.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйлаб коронавирусдан касалланганлар сони 36,5 миллион кишидан ошган, Covid-19’дан деярли 1,1 миллион киши вафот этган.

Яқинда коронавирус ташхиси қўйилган АҚШ президенти Дональд Трампнинг шифокори унинг ишга қайтишга ва ижтимоий тадбирларда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Бироқ, Трампнинг сўнгги интервью пайтида йўталгани кўпчиликнинг эътиборини тортган.

АҚШда коронавирус эпицентри мамлакат марказий қисмининг шимолий ҳудудларига силжимоқда. Жанубий Дакота, Шимолий Дакота ва Висконсин штатларида кескин авж олиш кузатиляпти. Ёзда хавфли ҳудудлар қаторига Аризона, Флорида ва Калифорния кирар эди. Миллий касалланиш статистикаси ҳам сўнгги уч ҳафта ичида доимий равишда ошиб бормоқда. АҚШ касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳамон дунёда етакчи – мос равишда 7,6 миллион ва 212 минг киши.

Польша ҳукумати мамлакатни Covid-19 эпидемиясининг иккинчи, кучли тўлқини қамраб олганини маълум қилди. Сўнгги кун давомида 4739 кишида вирус аниқланди, 52 киши вафот этди. Статистик маълумотлар кетма-кет учинчи кун ўсишда давом этмоқда ва ёздаги кўрсаткичлардан деярли икки бараварга ортиб кетган. Мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкийнинг сўзларига кўра, Польшада иккинчи тўлқин бошлангани аниқ. Пандемия бошланганидан бери мамлакатда 116,3 минг киши касалланиб, 2919 киши вафот этди.

Европада карантин ва ҳибсга олиш ҳолатлари
Францияда ўтган кун давомида коронавируснинг рекорд миқдордаги янги ҳолатлари аниқланди – 18 мингдан ортиқ. Шунга ўхшаш кўрсаткичлар жорий йилнинг баҳоридаги пандемиянинг энг юқори нуқтасида қайд этилган. Ва ниҳоят қизил ҳудуд деб эълон қилинган тўртта шаҳар – Лилл, Лион, Гренобл ва Сент-Этьенда бар ва ресторанлар эртадан ёпилади.

Тулуза ҳам хавфли ҳудуд деб эълон қилинди, аммо у ерда қатъий карантин жорий этилиши ҳақида ҳали хабар берилмаган. Париж ва Марселда бир ҳафтадан буён қатъий чеклов чоралари қўлланилмоқда. Францияда умумий ҳолатлар сони 711,7 минг кишини ташкил қилади, 32,5 минг киши Covid-19 хасталигидан вафот этган.

Испания суди бир ҳафта олдин Мадридда 4,7 миллион одамни қамраб олган қисман локдаунни номувофиқ деб топди. Энди мамлакат ҳукумат пойтахтда 15 кунлик муддат ичида фавқулодда режим жорий этилишини талаб қилмоқда. Марказий ҳукумат қарорларига минтақавий ҳокимият, хусусан, пойтахт округи қарши турмоқда. Мадриддаги қисман локдаун тўғрисидаги қарорни бекор қилиш учун судга айнан улар мурожаат қилишганди.

Мадрид ҳокимияти вакили Исабель Диас Аюсо шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолисини минтақани тарк этмасликка чақирди, аммо мамлакат бош вазири Педро Санчес ундан ултиматум шаклида янада қатъий ҳаракатларни талаб қилмоқда.

Италияда фавқулодда ҳолат режими январгача узайтирилди. Ниқобларни ҳар жойда – кўчада, бино ичида тақиш мажбурий. Қоида Италиянинг барча ҳудудлари учун тааллуқли экани белгиланган.

Бельгия касалхоналарида, май ойидан бери биринчи марта, Covid-19 беморлари учун ажратилган ўринларнинг 50 фоиздан ортиғи беморлар билан тўлди. Мамлакатда инфекция тарқалишини олдини олиш чоралари жума куни кучга киради. Кафе ва барлар бир ойга ёпилди. Белгияликлар ўзлари билан битта том остида яшамайдиганлар орасида фақат уч нафар инсон билан яқин алоқани сақлашлари мумкин. Уйга, унинг эгаларидан ташқари, бир вақтнинг ўзида кўпи билан тўрт меҳмон ташриф буюра олади. Кафе ва ресторанларнинг иш вақти чекланган. Шунингдек, жума куни Брюссел бош вазири Руди Вервуртга коронавирус ташхиси қўйилгани маълум бўлди. Минтақавий ҳукуматнинг барча аъзолари ўзини яккалаш тартибига ўтди.

Германия канцлери Ангела Меркел жума куни мамлакатнинг 11 та йирик шаҳри мерлари билан видеоконференция ўтказишни режалаштирган. Сўнгги 24 соат ичида мамлакатда 4,5 мингдан ортиқ янги касалланиш ҳолати аниқланди – бу апрель ойи бошидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич. 487 киши вафот этди, интенсив терапия бўлимлари беморлар билан тез суръатларда тўлиб бормоқда.

Шу билан бирга, расмийлар ҳолатларнинг кескин ортишини нафақат пандемиянинг иккинчи тўлқини билан, балки мамлакатда сентябр ойидан бери тестлар кўлами сезиларли даражада ошганлиги билан ҳам боғлашмоқда.

Германиянинг бир қатор штатлари мамлакатнинг энг кўп зарар кўрган минтақаларидан келувчи аҳоли кириши учун чекловлар киритмоқчи, улар коронавирус учун тестнинг салбий натижасини кўрсатиши керак.

Немис вирусологлари кунлик янги ҳолатлар кўрсаткичлари тез орада 10 минг кишига етиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, келаётган бир неча ҳафта оғир бўлади.

Чехияда 5394 нафар инсонда вирус топилди, бу ўтган ҳафта ичидаги учинчи рекорд ҳисобланади. Касалхоналарга ётқизилиш статистикаси ҳам кескин ортган. Жума оқшомидан бошлаб бар, кафе ва ресторанлар иш соати кечки соат 8 гача қисқартирилади. Спорт заллари, сузиш ҳавзалари ва ҳайвонот боғлари эса бутунлай ёпилади.

Гаагада карантин чораларига қарши намойишда қатнашган ўнлаб одамлар ҳибсга олинди. Нидерландияда касалликнинг кескин авж олиши кузатилди. Мамлакат жануби-шарқидаги Лимбург провинциясидаги касалхоналардан бирида 20 нафар тиббиёт ходимида коронавирус аниқланган.

Британиядаги вазият
Шотландиянинг айрим қисмларида жума оқшомидан бошлаб қовоқхона ва ресторанлар ёпилади. Ушбу чора ҳозирча 25 октябргача кучга киради, аммо расмийлар бу муддат узайтирилиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Эдинбург ва Глазго каби йирик шаҳарлар қизил ҳудудга киритилган.

Англия ва Уэльснинг айрим қисмларида ҳам душанба кунидан бошлаб маҳаллий кескин чоралар жорий этилади. Ҳозирча маълум бўлишича, қовоқхона ва ресторанларнинг фаолиятига, шунингдек, битта том остида яшамайдиган одамларнинг учрашувларига чеклов қўйилади.

Ҳукумат қолган қадамлар тўғрисида ҳафта охиригача келишишни ваъда қилмоқда. Вазирлар маҳкамаси аъзоси Жиллиан Киганнинг сўзларига кўра, чекловлар “Англия шимолидаги вазият назоратдан чиқиб кетаётгани” сабабли зарур.

Расмийларнинг фикрига кўра, вирус юқтириш ҳолатларининг 30 фоизи умумий овқатланиш жойларига тўғри келади.

Британияда ушбу касаллик беморларининг умумий сони ярим миллион кишидан (564,5 минг) ошган, 42,6 минг киши вафот этган (дунёда бешинчи ва Европада биринчи ўрин).

Шу билан бирга, сўнгги маълумотларга кўра, Буюк Британия иқтисодиёти август ойида 2,1 фоизга ўсди. Бу июнь-июль ойларига қараганда секинроқ ва кутилган кўрсаткичдан камроқ, аммо экспертларнинг фикрига кўра, бу вазиятда ҳар қандай ўсиш яхши белгидир.

Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид