Жаҳон | 23:35 / 09.10.2020
49849
7 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги уруш, 13-кун: тинчлик музокаралари ва фронт жанубидаги вазият

Жума куни Москвада Россия, Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари иштирокида музокаралар бошланди. Россия ТИВ биносидаги катта доира столда арманистонлик вазир Зограб Мнацаканян ва унинг озарбойжонлик ҳамкасби Жайҳун Байрамов бир-бирининг қаршисида ўтирди.

Худди шу вақтда Арманистон Степанакертга яна бир бор ракета зарбаси берилгани ҳақида хабар қилди. Боку эса Арманистон ҳудудидан учирилган баллистик ракета уриб туширилганини маълум қилди.

Музокаралар мураккаб вазиятда бошланди: учрашув бошланиши арафасида Озарбойжон президенти миллатга мурожаат қилди. У ТИВ раҳбарлари учрашуви «кўп нарсага ойдинлик киритиши»га ишонч билдирган бўлсада, у дарҳол огоҳлантиришга ўтди.

«Агар Арманистон Москвадаги музокараларда «Қорабоғ - Арманистоннинг ери» деса, у ҳолда музокаралар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», деди Илҳом Алиев.

Арманистонда музокаралар ҳақида изоҳ беришдан тийилишди. Ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Москвада нафақат ўт очишни тўхтатиш масаласи, балки гуманитар масалалар ҳам, жумладан, асирларни ва вафот этган ҳарбийларнинг жасадларини алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинишига умид билдирган.

Айни вақтда музокаралар давом этмоқда. BBC сўнгги 24 соат ичида бўлиб ўтган воқеаларни келтирган.

Жабройилни ким назорат қилмоқда?
Жабройил — икки томон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳар ҳисобланади. Бу шаҳар 27 сентябрь куни озарбойжонлик ҳарбийлар юришни бошлаган туташув чизиғидан тахминан 20 километр ичкарида жойлашган.

1991 йилда бу ерда 6,3 минг киши яшаган, аммо 1993 йилда шаҳар тўла вайрон этилган ва шу вақтгача унинг ўрнида харобалар ётади — бу шаҳарда яшаган озарлар арманлар ҳужумидан қочиб шаҳарни ташлаб кетишган.

Аввал Озарбойжоннинг Қорабоғдаги 7 туманидан бирининг маъмурий маркази бўлган ушбу шаҳарни арман ҳарбийлари 1992-1994 йиллардаги уруш вақтида босиб олишган.

9 октябрь куни мамлакат мудофаа вазирлиги шаҳар харобалари устида Озарбойжон байроғи кўтарилгани тасвирланган видеони эълон қилди. Лекин бу чиндан ҳам Жабройилда олинганини тасдиқловчи бошқа далил йўқ.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ушбу туман маркази эгаллангани ҳақида бир неча кун муқаддам эълон қилганди. Арманистон мудофаа вазирлиги эса Алиевнинг баёноти «ёлғон ва асоссизлиги» ҳақида баёнот берган.

Ўшанда Арманистон томони Озарбойжон ҳарбий кучлари Жабройилгача етиб кела олмагани ва арман кучларининг жавоб ҳужуми натижасида ортга чекингани ҳақида маълум қилганди.

Агар озарбойжонлик ҳарбийлар чиндан ҳам Жабройилни эгаллаган бўлишса, бу улар сўнгги 27 йил ичида илк бор шаҳар назоратини қўлга олган бўлишади.

Бундан ташқари, миллатга видеомурожаатида Озарбойжон президенти армия Гадрут шаҳрини — фронтнинг жанубий участкасидаги туман марказини ҳам қўлга олгани ҳақида гапирди.

Гадрут ҳам эгалланганми?
Жума куни давомида, икки томоннинг ҳам хабарларига кўра, аввалига фронтда ўзгаришлар бўлмади. Арманистон мудофаа вазирлиги икки марта фронтнинг жанубий участкасида шиддатли жанглар бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқатди, Озарбойжон эса арман позициялари бўйлаб муваффақиятли зарбалар берилгани ҳақида маълум қилди.

Степанакертда снарядлар портлаши. 9 октябрь
ARIS MESSINIS/AFP

Кун давомида Озарбойжон мудофаа вазирлиги дронлар арман позициялари ва ҳарбий техникаларига зарба бераётгани акс этган янги видеоларини намойиш этди. Эълон қилинган видеоларда ҳарбий ҳаракатлар Фузулий тумани жанубида олиб борилаётганини кўриш мумкин — журналистлар сунъий йўлдош хариталари орқали ҳарбий ҳаракатлар жойини осонлик билан топишди. Аммо видеоёзувларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Жума куни кундузи Озарбойжон президенти армия Гадрут шаҳрини — фронтнинг жанубий участкасидаги муҳим шаҳарни эгаллагани ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, Алиевнинг қўшимча қилишича, озарбойжонлик ҳарбийлар Қорабоғдаги яна саккизта аҳоли пунктини эгаллаган: Чайли, Юхари Гузлак, Геразилли, Гишлаг, Гараджали, Эфендилер, Сулейманли ва Сур қишлоқлари. Аввалроқ Озарбойжон Мадагиз қишлоғи ҳам эгалланганини маълум қилганди. Бу маълумотлар ростлигини тасдиқловчи бошқа манба йўқ.

Арманистон мудофаа вазирлиги эса Алиевнинг баёнотини рад этган. «Мен ҳозир Гадрутдаман ва негадир бу ерда фақат арманларни кўряпман», деди вазирлик расмийси Арцрун Ованнисян.

Гадрут — озарбойжонликлар эгалланганини даъво қилаётган собиқ Тоғли Қорабоғ автоном областидаги илк туман маркази бўлади. Агар бу маълумот тасдиқланса, туман маркази эгалланиши муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Бунгача гап фақат 1992-1994 йиллардаги урушда арман ҳарбийлари эгаллаган ҳудудларни қайтариб олиш ҳақида бораётганди, масалан, Жабройил. Бундан ташқари, Жабройилдан фарқли равишда, Гадрут харобага айланмаган — бу ерда ҳозир ҳам тўрт мингдан ортиқ киши яшайди.

Бу вақтда Арманистон бош вазири Никол Пашинян россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан учрашди - учрашув Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгаши мажлиси доирасида ташкиллаштирилди. ТАСС агентлиги маълумотига кўра, мулоқот давомида минтақада ҳарбий ҳаракатларни тез орада якунлаш муҳимлиги қайд этилган.

Арманистон ён беришга қарши
Пайшанба куни Арманистон ҳукумати ҳарбий ҳолат режимига қўшимча ўзгартиришлар киритди, унга кўра ҳукуматнинг ҳарбий соҳадаги ҳаракатларини танқид қилиш тақиқланади.

Шуша шаҳрига артиллерия зарбалари берилиши бошланган вақтда ертўлага яширинаётган она ва бола. 8 октябрь
ARIS MESSINIS/AFP

Ҳужжат «давлат органлари ва маҳаллий бошқарув органларининг ҳарбий ҳолат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳаракатларини танқид қилувчи, рад этувчи, шунингдек, ушбу ҳаракатлар самарадорлигини шубҳа остига қўювчи ёки қадрсизлантирувчи» пост ва материалларни тақиқлайди.

Бу ўз хизматдошларига жанг қилиш бефойдалиги, ҳукумат барибир ерни топширишга тайёрланаётгани ҳақида гапирган ҳарбий хизматчи қўлга олиниши ортидан содир бўлди.

Шу куни «Новая газета» журналисти Илья Азар ушбу мамлакатда фаолият юритиш учун берилган аккредитациядан маҳрум қилинди. Унинг сўнгги репортажларидан бирининг қаҳрамони Арманистон армиясининг йўқотишлари мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинаётганидан анча кўплиги, фронтдаги вазият эса ачинарли ҳолатда экани ҳақида гапирганди.

Пайшанба куни Шушада жароҳатланган россиялик журналист Юрий Котенок муваффақиятли операция қилинган, у Степанакертдаги шифохонадан Ереванга олиб ўтилган.

Мавзуга оид