Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миришкор туманидаги мактабларга нафақадаги ўқитувчиларни жалб қилиш таклиф этилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов депутатлар билан Миришкор туманига ташрифи давомида мазкур таклифни билдирган.
Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабарига кўра, Қашқадарё вилоятида туман мактаблари педагог кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилиги бўйича биринчи ўринда туради.
Шу сабаб мутасаддиларга айни пайтда фаолият юритаётган педагог кадрларнинг имкониятларини ўрганиш, нафақада бўлган тажрибали ўқитувчиларни мактабларга жалб этиш юзасидан таклифлар билдирилган.
Ташриф давомида парламент аъзолари тумандаги мактабларни кўздан кечириб, таълим даргоҳларининг моддий-техник базасини ўрганишган. Хусусан, 38-умумтаълим мактабида ўқитувчилар билан ўтказилган мулоқотда таълим жараёнларини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш мақсадида мактабларни тезкор интернет билан таъминлаш лозимлиги таъкидланган. Маълум қилинишича, айни пайтда туман бўйича бор йўғи 6та мактаб интернет билан таъминланган холос.
Шунингдек, депутатлар олий таълим учун мақсадли квоталарни ҳар бир ҳудуднинг имкониятларидан келиб чиқиб шакллантириш таклифини билдиришган. Бунда квоталарни вилоятлар кесимида эмас, балки туманлар кесимида ажратилса, самара сезиларли даражада ортиши айтилган.