23:08 / 10.10.2020
10346

“Recruit Consulting Work хусусий бандлик агентлиги” 1100 дан ортиқ фуқарони 6,2 млрд сўмга чув туширган

Жабрланувчилар сони 1100дан, жами етказилган зарар эса 6,2 млрд сўмдан ошади. Тергов даврида аниқланган ва хатланган сумма 826 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Фото: Recruit consulting work

“Recruit Consulting Work хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йилнинг январь ойидан ноябрь ойига қадар фуқароларга Корея, Япония, Латвия, Литва, Чехия, Нидерландия, Германия, Швеция, Словакия давлатларда иш топиб бериш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган ҳолда уларни алдаб, жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан эгаллаган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 23 ноябрь куни Ж.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Тергов ҳаракатлари ИИВ ҳузуридаги Тергов департамент иш юритувига қабул қилиниб, вилоятларда истиқомат қилувчи 1100дан ортиқ жабрланувчиларни сўроқ қилиш ва улар билан боғлиқ тергов ҳаракатларини ўтказиш мақсадида тегишли Тергов бошқармаларига алоҳида топшириқлар юборилган.

Жиноят иши бўйича тўрт нафар шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а,в” бандлари, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “б” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандлари ва 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми  билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, мазкур хусусий бандлик агентлиги томонидан 1087 нафар фуқароларга жами 6,2 млрд сўм миқдорида зарар етказилган. Етказилган зарарнинг 272 млн сўми нақд пул кўринишида қопланган, 48,7 млн сўмлик товар-моддий бойликлари ҳамда 505,6 млн сўмлик пул маблағлари хатланган.

Жамият ходимлари фуқаролардан алдов йўли билан шартномадан ташқари  нақд пул кўринишида 650 млн сўмдан ортиқ маблағларини олишган. Бундан ташқари, жамият мансабдор шахслари фуқароларни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида чет тиллари бўйича имтиҳонлардан ўтказиш ва Японияга юборишни ваъда қилиб, алдов йўли билан 212000 доллар миқдорида нақд пул олишган. Бу пулларнинг 120500 доллари фуқароларга қайтарилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари шу йил июл ойида тамомланиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Жиноят ишининг судда кўриб чиқилиши натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.

Top