Жамият | 19:51 / 11.10.2020
10868
3 дақиқада ўқилади

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ: коррупция – тараққиёт кушандаси

9 октябрь куни “Самарқанд вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда тизимда яширин иқтисодиёт, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармасининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлим бошлиғи Шерзод Раҳимов, Самарқанд вилоят Адлия бўлими катта маслаҳатчиси Шавкат Маҳкамов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ юристи Ҳусниддин Алламуродов, “Самарқанд ҲЭТК” АЖ раҳбарияти ишчи ходимлари иштирок этди.

Семинарда ҳар қандай давлатнинг ривожланиши давлат хизматчиларининг ватанпарварлигига, зиммасидаги масъулиятни англашига, садоқати ва фидойилигига боғлиқлиги айтилди. Ушбу хислатларга эга бўлмаган давлат хизматчиси коррупциядан холи бўла олмаслиги, натижада порахўрликка, мансабини суиистеъмол қилишга, пировардида, жамиятнинг обрўсизланишига сабаб бўлади. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етади. Коррупция муроса қилиб бўлмас глобал таҳдид ҳисобланиши, шу сабабли дунё миқёсида барча давлатларда бу иллатга қарши курашиб келинаётганлиги таъкидланди.

Айтиш мумкинки, “Самарқанд ҲЭТК” АЖ ва унинг таркибидаги электр таъминоти корхоналарида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида ички назорат тизими фаолияти такомиллаштирилган. Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш юзасидан 2020-2021-йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, жамият ва унинг таркибидаги туман, шаҳар электр таъминоти корхоналарининг маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахсларни, уларнинг вакилларини қабул қилишда шаффофликни таъминлашга кенг эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, жамият томонидан истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишда автоматлаштирилган тизимни жорий этишга ўтилмоқда. Истеъмолчиларга электр энергияси сарфини ҳисобга олишнинг замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилаётганлиги бир қанча қулайликлар билан бир қаторда, коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган айрим омилларнинг олдини олмоқда.

Шунингдек, тадбирда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ўсиши коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди. Кўп ҳолларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир. Сўзга чиққанлар томонидан ушбу йўналишда – аҳолининг ҳуқуқий билимини ўстиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид