Хитойда коронавируснинг иккинчи тўлқини йўқлиги сабаби тушунтирилди
Дунёнинг кўплаб давлатларида коронавируснинг иккинчи тўлқини кузатилаётган бир вақтда Хитойда унинг йўқлиги “шакллантирилган тартиб-қоидалар” ва аҳолининг эҳтиёт чораларига риоя қилиши билан тушунтирилди. Бу ҳақда Хитойда яшовчи хорижликлар сўзлаб берди.
“Умуман олганда, ҳаёт одатдаги тарзга қайтди. Ҳонгконгда баъзан қандайдир инфекция ўчоқлари ҳақида маълум қилиб турилади, бироқ барча ажиотаж тезда йўққа чиқади. Хитойликларда барчаси маромига етказилган, барча ресурслар етарли”, деб таъкидлаб ўтган Гуанчжоу яқинида яшовчи россияликлардан бири Александр.
Унинг таъкидлашича, бунинг учун ҳукумат фуқаролардан “эътиборни сусайтирмасликни” ва эҳтиёт чораларига риоя қилишни сўрагани етарли бўлган. Бундан ташқари, инфекция тарқалишининг маҳаллий ўчоқларига тезкорлик билан жавоб берилади.
“Мисол учун, Пекинда июнда инфекциянинг жадал тарқалиши бошланди, бироқ касалланиш ўчоғи тезда бостирилди. Буни икки ҳафта ичида уддалай олишди. Ҳаттоки шаҳарни тўлиқ ёпишга ҳам ҳожат бўлмади”, деб қўшимча қилган россиялик.
Шанҳайда яшовчи яна бир россиялик Андрейнинг таъкидлашича, Хитойда баъзи чекловлар ҳамон сақланиб қолган: мисол учун, хориждан келувчилар икки ҳафталик карантиндан ўтишлари керак. Шунингдек, бир қатор ташкилотларда ходимлар ва ташрифчилар тана ҳарорати ўлчанади, баъзи ҳолатларда эса шахсий маълумотлар сўралади.
“Ҳар бир маҳаллий фуқаронинг телефонига махсус дастур юкланган. У “саломатлик коди”ни қайд қилиб боради. Дастур телефон эгасининг ҳаракатланиши ортидан кузатади. Агар телефон эгаси касалланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларга бормаган бўлса, унга яшил код, акс ҳолда қизил қод берилади”, деб тушунтириб ўтган Андрей.
Бундан ташқари, баъзи шаҳарларда маҳаллий маъмурият ўз ихтиёрига кўра қўшимча чекловлар киритиши мумкин.
Таъкидланишича, Хитойда карантинга амал қилиниши қатъий назорат қилинади: қоидабузарларга махсус билакузук тақилиши ёки уйлари тўғрисига кузатув камералари ўрнатилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, охирги суткада Хитойда 26 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Мамлакатда пандемия бошидан бери 91 мингдан кўпроқ киши коронавирусга чалинган.
Мавзуга оид
16:03
Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
17:55 / 10.11.2024
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18 / 10.11.2024