«Recruit Consulting Work» ХБА иши: Тергов тугаганига икки ойдан ошди, иш ҳамон судга оширилмаган
Тергови шу йил 23 июль куни тамомланиб, судга ошириш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган жиноят иши орадан 2,5 ой вақт ўтган бўлса-да ҳамон судга етиб келмаган. Суд бошланишини мингдан ортиқ жабрланувчи кутмоқда.
1100га яқин фуқарони 6,2 млрд сўмга чув туширган «Recruit Consulting Work хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижалари ҳақида Kun.uz 10 октябрь куни хабар берган эди.
Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур жиноят ишига доир қўшимча маълумотлар тақдим этилди. Унга кўра 2019 йил 23 ноябрда қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергови муддати 2020 йил 6 мартда 5 ой, яъни 23 май кунига қадар узайтирилган.
Республика ҳудудида коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан жиноят иши тергови 2020 йил 1 апрел куни ҳаракатдан тўхтатилиб, 2020 йил 6 май куни қайта тикланган.
Тергов ҳаракатлари жорий йил 23 июлда тамомланиб, ЖПКнинг 381-моддаси тартибида айблов хулосасини тасдиқлаб, тегишлилиги бўйича судловга ошириш масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган.
Жиноят ишининг айблов хулосаси Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 17 сентябрь куни тасдиқланган.
Тошкент шаҳар ИИББ ТБ томонидан жабрланувчиларнинг анкета маълумотлари электрон ҳуқуқий базага киритилмоқда, дейилади пойтахт прокуратурасининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотида.
Жиноят иши ҳозирча тегишли судловга ўтказилмаган. Буни Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов ҳам тасдиқлади.
Маълумот учун айтиш лозимки, Жиноят процессуал кодексининг 385-моддасига кўра, прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосаси билан келган жиноят ишини кўпи билан 5 суткада кўриб чиқиши ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши шарт:
1) ишни судга юбориш учун асослар мавжуд деб топиб, айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаш;
2) ўз қарори билан айблов мазмунидан айрим бандларни чиқариб ташлаш, енгилроқ жиноятни назарда тутувчи қонунни қўллаш ва шу ўзгартиришлар билан айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаш;
3) қўшимча тергов ўтказиш учун ишни ўз кўрсатмалари билан суриштирувчи ёки терговчига қайтариш;
4) суриштирув ўтказилган жиноят ишини терговга тегишлилик қоидалари бузилгани аниқланган ёки ушбу кодекснинг 3815-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳолларда дастлабки тергов органига ўтказиш;
5) ишни юритишни тўхтатиш;
6) ишни тугатиш;
7) амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш.
Башарти айбловни тўлдириш ёки уни оғирлаштириш томонига ёхуд ҳақиқий ҳолатларга кўра аввалги айбловдан жиддий фарқ қиладиган томонга ўзгартириш талаб қилинса, прокурор ёки унинг ўринбосари қўшимча ёки ўзгартирилган айб эълон қилиш учун ишни қўшимча терговга қайтаради.
Шаҳар прокуратурасининг ахборотида жиноят иши нима сабабдан ҳалигача тегишли судловга ўтказилмагани ёки Кодекснинг юқоридаги моддасида назарда тутилган 5 кунлик муддатга риоя этилмаганига изоҳ берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят иши бўйича 4 нафар шахс ҳибсда сақланмоқда. Улар ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а, в» бандлари, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «б» банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а, в» бандлари ва 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 228-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Дастлабки терговда аниқланишича, мазкур ХБА 1087 нафар фуқарога жами 6,2 млрд сўм миқдорида зарар етказган. Зарарнинг 272 млн сўми нақд пул кўринишида қопланган, 48,7 млн сўмлик товар-моддий бойликлари ҳамда 505,6 млн сўмлик пул маблағлари хатланган.
Мавзуга оид
21:44 / 30.06.2023
Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси Мюнхэн вокзалида ётиб юрган ўзбекистонликлар иши бўйича баёнот берди
21:37 / 29.06.2023
Германияга ишлашга борган 300 ўзбекистонлик вокзалда ётгани акс этган видео тарқалди. Вазирлик ҳолат ўрганилаётганини билдирди
18:45 / 21.11.2022
Алданиб қолманг: Telegram'да аҳолига пул тарқатилаётгани ҳақида ёлғон хабар айланиб юрибди
07:36 / 09.12.2021