Спорт | 09:25 / 12.10.2020
47642
11 дақиқада ўқилади

«Сен қийшиқоёқни ким ҳам бунча кўп пулга сотиб оларди, деб кулганди». Шомуродов «Женоа»га ўтиши, Испаниядан таклиф тушгани ва Карпиннинг ҳазиллари ҳақида

Элдор Шомуродовнинг Италияга кўчиши – трансфер ойнасидаги энг кутилмаган воқеалардан бири бўлди. А Сериянинг «Женоа», «Верона» ва «Фиорентина» клубларидан таклиф олган «Ростов» ўзбекистонлик 25 ёшли ҳужумчисини 7,5 миллион евро эвазига Генуя клубига сотишга қарор қилди. Куни кеча Россиянинг «Sport24» нашри Элдор Шомуродовдан интервью олиб, футболчи «Женоа»дан тушган таклиф, Карпин билан хайрлашуви, оиласи, амалга ошмаган орзуси ва Испаниядан тушган таклиф ҳақида гапириб ўтди.

«Ижарага уй топиш масаласини тезроқ ҳал қилишим керак, шу учун Италияга эртароқ қайтдим»

 — «Женоа» билан шартнома имзолагач, миллий жамоа ихтиёрига жўнаб кетдингиз. Ҳозир қаердасиз?

— Истамбул аэропортидаман. «Женоа» клуби Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат қилиб, Генуяда ижарага уй топиш масаласини ҳал қилишим ва янги жамоамга тезроқ мослашишим учун мени клуб ихтиёрига эртароқ қўйиб юборишни сўраган. Миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов ва клуб илтимосига розилик билдирган барчадан миннатдорман. Агар ўйинлар ўртоқлик эмас, расмий учрашувлар бўлганида Италияга эрта қайтиш ҳақида гап ҳам бўлмасди.

— Сиз ва «Женоа» - ҳаммаси қандай бошланди?

— Ҳаммаси жуда тез рўй берди. Агентим Қаҳҳор Мўминов қўнғироқ қилиб: «шунақа таклиф бор, синаб кўриш керак» деди. Мен дарҳол рози бўлдим. Ахир, Европада тўп суриш – болалик орзум эди. Мен аввалдан шунга интилганман. Қайси мамлакат ёки клуб эканлиги муҳим эмасди, энг асосийси ўша ерда тўп суриб, кучимни синаш, нимага қодирлигимни билишни истардим.

— Кўпчилик сўнгги дамгача «МЮ» ёки «Барса» сингари клублардан таклиф кутади. Кучли бешликдаги топ бўлмаган клубга боришдан кўра, Россияда қолишни афзал кўришади...

— Топ-клуб сенга таклиф билан чиқишини кутиб ўтиришдан маъно йўқ. Вақтни йўқотганинг қолади. Мен ҳам «Ростов»да қолишим мумкин эди, мени ҳамма нарса қониқтирар, жамоада ўзимни яхши ҳис қилардим. Аммо анчадан буён Европага кетиш ҳақида ўйлаётгандим. Шу боис, имконият пайдо бўлиши билан розилик бердим.

— Сўнгги паллада «Верона» ва «Фиорентина» ҳам сизни ўз сафига қўшиб олишни истади. Бу вариантларни ҳам кўриб чиқдингизми ёки фақат «Женоа»га ўтиш ҳақида ўйладингизми?

— Мен бу ҳақда интернетдан ўқидим. Бу пайтда «Женоа» билан музокараларни якунлаб, сўнгги шартларни кўриб чиқаётгандик. Бошқа вариант ҳақида ўйламаётгандим.

«Футболчи сифатида сени тушунаман, аммо «Ростов»га кераксан»

— Ёзги трансфер ойнасида бошқа таклифлар ҳам бўлганмиди?

— Испаниядан бор эди. Бельгиядан «Генк»дан таклиф бўлган. Бунгача, йил бошида Германиянинг «Штутгарт» клуби варианти ҳам бор эди.

— «Женоа» таклифи пайдо бўлгач, Валерий Карпин нима деди?

— Бош мураббийга ўзимни синаб кўрмоқчи эканлигимни дарҳол айтдим. У эса «футболчи сифатида сени тушунаман, аммо мураббий сифатида жамоадан кетишингни истамайман – сен «Ростов»га кераксан», деди. Кейин эса агар раҳбарият трансферга розилик берса, қаршилик қилмасликка ваъда берди. Мени тўғри тушунгани учун клуб раҳбарияти ва Карпиндан миннатдорман.

— Хайрлашув видеода Карпин ёнингизга «йиғлама» деб келди. Йиғламадингизми?

— Тан оламан, кўзимга ёш келди. Бир тарафдан нимага интилиб келган бўлсам ўша амалга ошаётганини тушуниб турардим, бир томондан эса ўзим ўрганиб қолган жойимдан кетиш оғир эди.

«Сен қийшиқоёқни ким ҳам бунча кўп пулга сотиб оларди, деб кулганди»

— Карпин «инстаграм»да «Арзимайди, қийшиқоёқ» деб ёзганини қандай қабул қилдингиз?

— Ҳаммаси жойида (кулади)! Бу ҳазиллигини яхши тушуниб тургандим. Машғулотларда ҳам мураббийдан шунга ўхшаш сўзларни эшитиб келганман, ҳечқиси йўқ. Карпин билан муносабатларимиз доим ажойиб бўлган. Масалан, кетишимдан олдин Валерий Георгиевич: «Сен қийшиқоёқни ким ҳам бунча кўп пулга сотиб оларди», деб кулганди.

— «Спартак»да Карпиннинг ҳазилларини кўпчилик кўтармаган...

— Ҳазилга доим позитив муносабатда бўлганман. Аммо Георгиевич билан кўпроқ жиддий, гоҳида кескин гаплар ҳам бўлган. Уни энг аввало тўғрисини айтиши, рост гапиргани учун ҳурмат қиламан. Гоҳида унга ҳатто нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмасдим, чунки тушунардимки Карпин ҳам футбол ўйнаган, унинг гапларига қулоқ тутиб, ўргатганидек бажариш керак эди.

— Бир йил аввал шарт боғлаган экансиз: 4 ўйинда 3та гол киритмасангиз, сочсиз қолиш ҳақида...

— Тўғри. Ўшанда сочимни қириб ташлашга ўзимни руҳан тайёрлаган бўлсам-да, шартда ютгандим.

— Карпин қанақа жазо олиши келишилганди?

— Ҳеч қандай (кулади). Шунчаки, у Хорик Байрамян олдига келиб «агар иккита гол урмасанг, сочингни қирқиб ташлайсан» дея, менга қарата «сен эса учта уришинг шарт», деганди.

«Қатар, Саудия Арабистони, Хитойдан таклиф доим бўлган, аммо уларни ҳаттоки кўриб чиқмаганман»

— «Женоа»да 61-рақамни танладингиз. Бу Ростов вилоятининг регионал коди...

— Бу фикр ўртоғимдан чиқди. «Қайси рақамни танлаш ҳақида ҳали бир қарорга келмаган бўлсанг, 61-рақамни танла – бу вилоятимизнинг коди, ростовлик мухлислар хурсанд бўлишади», деди. Қолаверса, «Женоа»да 14-рақам банд бўлгани учун «Ростов» мухлислари ва клубга шу тарзда миннатдорчилик билдиришга қарор қилдим.

— Айтайлик, «Зенит» «Женоа»дан кўпроқ пул таклиф қилса, барибир ҳам Италияга кетармидингиз ёки Россияда қолиш ҳақида ўйлармидингиз?

— Кетардим. Чунки аввалдан агентимга уқтириб келганман: энг аввало Европа, қолгани кейинги ўринда. Биласизми, менда кўпдан буён Қатар, Саудия Арабистони, Хитойдан таклифлар бўлган, аммо уларни ҳаттоки кўриб чиқмагандим. Пул – энг асосийси эмас.

— «Женоа»да маошингиз «Ростов»дагидан кўпми?

— Ҳа.

— 8 ойда бор йўғи 3та гол урган ҳужумчи италияликларга нега керак, дея ҳайрон қолганлар бўлди. Самарадорлигингиз пасайиб кетганини тушунтира оласизми?

— Бу жуда ҳам қийин савол. Нима десам ҳам ўзимни оқлагандек бўлиб кўринаман.... Карантин менга салбий таъсир қилди, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда бизни алоҳида хоналарга қамаб қўйишганди. Чиқиб фақат велосипед айланиш ва пресс машқини бажариш мумкин эди. Бундай ҳолатга тушиш ҳаммага турлича таъсир қилди: кимдир спорт формасини тез тиклади, менда эса бу жараён узоқ давом этди.

«Гол урмай қўйганимга уйланганим сабаб эмас»

— Карпин Шомуродов уйлангани учун кам гол ураяпти, деганди...

— Ҳамма ҳам уйланади-ку! Демак, ҳаммада ҳам пасайиш кузатилиши керак (кулади). Фикримча, бунинг таъсири бўлгани йўқ.

— Уйланишдан олдин Амина билан қачон танишгансиз?

— Икки ой аввал. Уйланишга қарор қилгандим. Келин излаётгандим ва топдим.

— Европада тўп суришни орзу қилганингиз ҳақида гапирдингиз. Ёшликда Италияда тўп суришни тасаввур қила олганмисиз?

— Орзу қилганман, аммо аниқки, тасаввур қила олмаганман. Ахир Россия чемпионатидаги юлдузларни ҳам яқин-яқингача фақат телевизор орқали томоша қилардим. Ёдимда, «Ростов»га энди келган пайтларим мени «Зенит»га қарши ўйинга туширишди. Ўшанда рақиб сафида Иванович тўп сурарди. Болаликдан «Челси» мухлиси эканлигим учун Ивановичга қараб, бу мен билан рўй бераётганини англай олмагандим. Хаёлимда унга «Ўзбекистонда академияда ўқиётганимда сенга мухлислик қилиб, ўйинларингни кўрардим», деб гапирганман.

— Бунгача А Серия ўйинларини томоша қилармидингиз?

— Тўғрисини айтсам, камдан-кам футбол томоша қиламан. Агар Чемпионлар лигаси ёки «Челси» иштирокидаги ўйин бўлса ТВни ёқиб, кўришим мумкин.

«Ўзбекистонга «Женоа» либосларини катта халтага кўтариб борсам керак»

— Футбол билан қачондан бошлаб шуғуллангансиз?

— Футболчилар оиласиданман. Дадам, амакиларим ва акам – ҳаммаси футбол ўйнашган. Бобом эса мураббий бўлган. Дадам эса ҳужумчи сифатида тўп сурган. Менку эслолмайман, лекин Ўзбекистон биринчи лигасида яхши ўйнаган, дейишади. Афсуски, жароҳат сабаб футболни эрта якунлаган. Амаким Илҳом эса «Насаф» сафида ОФК кубоги ғолибига айланган, «Бунёдкор» билан Ўзбекистон кубогини ютган. Олти ёшимданоқ футбол билан шуғулланишни истаганман, аммо қабул фақат 1-синфдан эканлиги учун бир йил кутишимга тўғри келган. 12 ёшимда эса «Машъал» академиясига қабул қилишган. Бу Ўзбекистондаги биринчи рақамли футбол академияси.

— «Челси»га нисбатан меҳр қандай пайдо бўлган?

— Тўғриси, билмайман. Болаликдан «Челси» либосим бўларди, эҳтимол ўшандан бошланган. Фернандо Торрес ва Дрогбанинг ўйинлари жуда ёқарди.

— Ўзбекистонда Ривалдони майдонга олиб тушган экансиз...

— «Машъал» академиясида таҳсил олган давримда амаким ушбу клубда тўп сурарди. Ҳар ўйинда қўлини ушлаб тушардим. «Бунёдкор» билан ўйинда эса биз рақиб жамоа футболчилари билан бирга чиқадиган бўлдик. Мен дарҳол Ривалдонинг ёнига бориб олгандим. Менга қўл узатганида, жуда ҳам ҳаяжонланганман.

— Ўзбекистон миллий жамоасидан Италияга йўл олаяпсиз. Кейинги қайтишингизда «Женоа»нинг либосидан нечта олишингизга тўғри келади?

— Тасаввур ҳам қилолмаяпман. Катта халтага кўтариб борсам керак. Аммо ҳаммаси қандай бошлашимга ҳам боғлиқ. Яхши бошласам – жомадонга ҳам сиғмайди. Ёмон бошлсам – футболкаларим ҳеч кимга керак бўлмайди.

Усмон Ибодов таржимаси.

Мавзуга оид