Қиш яқинлашмоқда. Коронавирусдан қандай ҳимояланиш керак?
Мактаблар, университетлар, корхоналар очилмоқда ва борган сари коронавирусга чалинганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Табиийки, қиш ойлари яқинлашиши билан об-ҳаво совийди ва биз кўпроқ ёпиқ маконларда вақт ўтказишга ҳозирлик кўрамиз.
Хўш, коронавирусдан ўзимизни қандай ҳимоя қилишимиз керак? Коронавирус совуқ ҳавода ўзини қандай тутади ва ундан қай тариқа ҳимояланиш мумкин?
Мутахассислар Covid-19’нинг мавсумий касаллик эканлиги борасида ҳануз бир қарорга кела олишмади, аммо Reading университети вирусология профессори Ян Жонс Британиянинг «Daily Telegraph» газетасига берган интервьюсида грипп каби нафас олиш йўллари билан боғлиқ касалликлар ёзда камроқ тарқалишини айтди.
Вирус қиш ойларида кучлироқ бўлади
«Бунинг сабаби шундаки, улар нафасдаги ҳаво томчилари орқали тарқалади. Ушбу томчилар илиқ ва қуруқ шароитда, айниқса, ультрабинафша нурлар таъсирида тезроқ қурийди. Вирус тез тарқалувчи қиш ойларида эса бунинг акси кузатилади», дейди профессор Ян Жонс.
Баъзи тадқиқотчилар коронавирус совуқ иқлим шароитида яхшироқ ривожланишини ва бу касаллик илиқ иқлимли ҳудудлардан кўра кўпроқ Европага зарар етказиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Европанинг саккиз мамлакати, шу жумладан, Буюк Британияда Covid-19 касалхоналарига ётқизилган 7 минг кишига оид маълумотларга кўра, ҳароратнинг ҳар бир ортиш даражаси ўлим кўрсаткичининг тахминан 15 фоизга пасайишига олиб келади.
Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, янги касалланиш ҳолатларининг мавсумий ортиши совуқ об-ҳаводан кўра вируснинг хатти-ҳаракатига кўпроқ боғлиқ.
«Ёпиқ маконларга ўтиш катта эҳтимол билан қиш ойларида вирусга чалиниш ҳолатлари ошишига энг катта таъсир қилувчи кучдир», дейди микробиолог доктор Антрю Престон.
Ёпиқ маконларда нима қилиш керак?
Таъкидлаш жоизки, етарли даражада шамоллатилмаган ёпиқ жойлар энг хавфли муҳит сифатида кўрилмоқда.
«Инфекция занжирининг бошланғич нуқтаси – одамлар кўп тўпланадиган ёпиқ жойлардир. Шу боис, яхши ҳаволантирилган, ижтимоий масофа сақланган ва шовқин бўлмаган жойларни танланг. Лондон ва Японияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одамлар алоқа қилиш учун бақирадиган жойларда вирус юқиш ҳолати кўп кузатилади», дейди Саутҳемптон университетининг жамоат саломатлиги бўйича эксперти доктор Майкл Ҳед.
Қўлни ювиб юриш ва ниқоб тақиш ҳануз ёпиқ ҳудуд шароитида ўзини ҳимоя қилишнинг энг яхши усули бўлиб қолмоқда.
Айни пайтда Англияда очиқ жойларда ниқоб тақиш мажбурий эмас, лекин Италия ва Франциянинг баъзи ҳудудларида ташқарида ниқоб тақиш мажбурий ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар ниқоб намланган бўлса, у бактерияларни тутиб қола олмайди, устига устак, у нафас томчиларини ҳам ташқарига чиқариб юборади. Бу ҳолатда ниқоб тақиш самарасиз бўлиб, шу боис ёнингизда захира ниқоб олиб юриш тавсия этилади.
«Ниқобларни мунтазам равишда алмаштириб туриш керак ва бу айниқса, нам ва ёмғирли об-ҳаво шароитида жуда муҳим аҳамиятга эга», дейди эпидемиология мутахассиси профессор Тим Спектор.
Уйда кўрилиши лозим бўлган эҳтиёт чоралари
Уйдаги йиғинлар вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони кўпайишининг энг асосий сабабларидан бири сифатида кўрилмоқда. Шунинг учун кўплаб мамлакатларда маҳаллий карантин қоидалари амалга оширилди.
Оксфорд университетида ўтказилган тадқиқотга кўра, юқумли касалликлар беморда у билан боғлиқ аломатлар пайдо бўлишидан олдин бошланади. Яъни бошқалар билан учрашганингизда ўзингиз билмаган ҳолда хавф билан рўбарў келасиз.
Уйдаги йиғинлар юқиш-юқтириш жараёнини ҳаракатлантирувчи кучдир, чунки одамлар ушбу турдаги учрашувларда кўпроқ вақт ўтказишади ва бу вазиятда ижтимоий масофани сақлаш ҳам осон кечмайди.
«Уй шароитида вирусдан сақланиш осон бўлиши мумкин, аммо меҳмонлар билан жуда яқин бўлишдан сақланинг», дейди Кембриж университети доктори Шон Фицджеральд.
Стуллар орасида ҳам камида бир метр масофа қолдириш ва иложи борича ҳовли ёки балконга жой қилиш мақсадга мувофиқ.
Тоза ҳавонинг кучи
«Агар сиз нафаси орқали вирусни ташқарига чиқараётган одам билан бир хонада бўлсангиз ва у ерда шамоллатиш тизими бўлмаса, вақт ўтиши билан вирусларнинг миқдори кўпайиб боради», дейди доктор Антрю Престон.
Бу нафақат коронавирус юқтириб олиш эҳтимолини, балки «вирус юки» билан оғир касалликка чалиниш хавфини ҳам оширади.
Доктор Шон Фицджеральд ҳам хонада бирдан ортиқ киши бўлган вазиятларда деразани очиб қўйишни тавсия қилади.
«Совуқ ҳавода ҳар доим деразаларни очиқ қолдириш ҳақида ўйлашингиз лозим, айниқса, уйда меҳмонингиз бўлса. Шамоллаб қолишдан сақланиш учун эса бошқа хоналардаги деразаларни очиш, уй ичидаги эшикларни ҳам очиқ қолдириш мақсадга мувофиқ», дейди у.
Мутахассислар қишда электр вентилятордан фойдаланмаслик борасида огоҳлантирмоқда. Чунки вентилятор вирусларни одамларнинг юзига уриши, бу эса вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
Эҳтимол, энди уйда иссиқроқ кийиниш вақти ҳам келгандир. Лондонда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, марказий иситиш тизимлари бизни касалликлардан ҳимоя қилувчи томоқ ва бурнимиздаги шиллиқ тўсиқни қуритиб, вируснинг тарқалишини тезлаштиради.
Ҳавони фильтрловчи мосламага эҳтиёж борми?
HEPA фильтрлари мавжуд қурилмалар микроскопик сув ёки шилимшиқ зарраларни тутиб қолишга қодир. Бироқ ушбу фильтрларнинг ҳавони вирусдан тозалаши ёки тозаламаслиги илмий жиҳатдан ҳали исботланмаган.
АҚШдаги Mayo клиникаси доктори Григорий Поланднинг таъкидлашича, ҳаво фильтрлаш мосламалари иш бериши мумкин, аммо фильтрларни доимий равишда ўзгартириб туриш керак.
Шунингдек, қайси моделни танлашда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Баъзи брендлар гарчи ҳеч қандай исбот бўлмаса-да, ўз маҳсулотлари ҳавони коронавирусдан тозалашини таъкидлашмоқда. Шунингдек, фильтрларнинг самарадорлиги хонанинг катталиги ва фильтрнинг жойлашган ўрни билан ҳам боғлиқ.
«Масалан, менинг илк танловим ҳаво фильтрлари бўлмайди. Агар деразани очиш орқали хона ҳавосини алмаштириш имконингиз бўлса, шу йўлни танлаганингиз маъқул», дейди Шон Фицджеральд.
Шу билан бирга, интернетда ўнлаб ультрабинафша зарарсизлантирувчи воситалар сотилади. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, вирусларни йўқ қилиш даражасида кучли бўлган ультрабинафша нурлар тери куйишига олиб келиши мумкин.
D витамини ва иммунитетни мустаҳкамлаш учун қандай овқатланиш керак?
D витамини инсон организмини Covid-19’дан ҳимоя қилиши ёки оғир касалликларнинг олдини олиши тўғрисидаги далиллар сони тобора ортиб бормоқда.
Испанияда 76 нафар беморни ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, D витаминининг қўшилиши интенсив терапияда қолиш эҳтиёжини сезиларли даражада камайтиради.
Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича, 10 мкг.дан кўп бўлмаган дозани қабул қилиш керак, яъни меъёрдан ортиқча доза буйракларга зарар етказиши ва ҳатто Covid-19’нинг янада оғир кечишига сабаб бўлиши мумкин.
Меъёрида, мева ва сабзавотларга урғу берган ҳолда овқатланиш қиш давомида соғлиғингизни ҳимоя қилиш учун энг яхши йўлдир.
Агар янги йилда озишни мақсад қилган бўлсангиз, буни кечиктирманг. Ортиқча вазн, гипертония, диабет ва юрак касалликлари – коронавируснинг хавф омилидир.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023