Урганчдаги марказий деҳқон бозори ачинарли аҳволда. Бош прокурор масъулларга бир ҳафта муҳлат берди
Хоразм вилоятида бўлиб турган Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорида бўлиб, бу ердаги аянчли санитария ҳолатига гувоҳ бўлди, деб хабар бермоқда идора матбуот хизмати.
«Бозорда коронавирус инфекцияси муносабати билан жорий этилган карантин қоидаларига риоя этилмаяпти. Ҳатто, бозорда сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам оддийгина ижтимоий масофа сақлаш қоидасини писанд қилмайди. Турғун савдо расталарида сотувчи ва харидор ўртасида полиэтилен ҳимоя тўсиғи ҳам ўрнатилмаган. Умуман олганда, бозор маъмурияти карантин қоидаларига риоя қилиш чораларини кўрмаган.
Шунингдек, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари, бу маҳсулотларни сақлаш камералари санитария-эпидемиология талабларига мутлақо жавоб бермайди.
Бозорда сотувчи ва харидорларга гигиенанинг ҳатто бирламчи қоидаларига риоя этиш учун зарур шароитлар яратилмаган. Бу борадаги ҳозирги аҳвол мазкур масала йиллар давомида бозор маъмуриятининг эътиборидан четда қолиб келганини англатади», – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бош прокурор шу ернинг ўзида Урганч шаҳар ҳокими ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларига бир ҳафта муддатда бозордаги вазиятни амалдаги қонун ва қоидаларга мослаштириш бўйича қатъий талаб қўйган.
«Нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи асоссиз ошишига йўл қўймаслик борасидаги вазифалар ва уларни рўёбга чиқаришга масъул бўлганларнинг жавобгарлиги яна бир бор эслатиб ўтилди», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Мавзуга оид
22:00 / 02.07.2024
Урганч тумани қурилиш бўлими собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
15:26 / 15.06.2024
“Хоразмча рейдерлик” такрорланди: Урганч туманида деҳқоннинг ғалласи тортиб олинган
16:01 / 25.02.2024
Хоразмда 3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди
07:31 / 28.01.2024