Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судида судланувчига ғалати ҳукм чиқарилди. Бу каби ҳолат олдин кузатилмаган: қилмиши учун судланаётган шахс “дело”га алоқаси бўлмаган иккинчи бир жиноятда айбланган. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ўғирлик қилганми ёки дарахт кесган?
2025 йилнинг 29 январ куни жиноят ишлари бўйича Урганч туман судида фуқаро Валижон Бекчоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган. Суд ҳукмида келтирилишича, муқаддам судланмаган, 1989 йилда туғилган Бекчонов Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан айбланган.
Жиноят кодексининг бу моддаси экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш жиноятини назарда тутади. Бундай жиноятни содир қилганлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Ҳукмнинг ғалатилиги шундаки, унинг тафсилот қисмида Валижон Бекчонов қўшнисининг телефонини ўғирлагани ҳақида гап боради.
Жиноят иши тафсилоти Бекчонов “ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2022 йил 2 сентябр куни соат 11:45 ларда қўшниси Жуманиязова Озоданинг яшаш уйига деразаси орқали ғайриқонуний равишда кириб, ошхонадаги столнинг устида турган, бозорда сотилиш баҳоси 1,2 млн сўм бўлган телефонни ўғирлагани” билан бошланган.
“Айбимга иқрорман”
Суд ҳужжатидаги бу чалкашликни “техник хатолик” дейиш мумкин эди, агар Валижон Бекчонов ўғирлик жиноятини содир қилганига “ўзи иқрор” бўлмаганида. Ҳукмда ёзилишича, судланувчи суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбга тўлиқ иқрорлик билдирган.
Суднинг “версияси”га кўра, Бекчонов қўшнисининг уйидан ўғирлаб олиб чиққан телефонини ўзи яшаб келаётган маҳаллада телефон аппарати таъмирлаш билан шуғулланувчи Ғ.Қороевга олиб борган. У телефон ўзиники эканини билдириб, пул зарур бўлгани сабабли сотмоқчилигини айтган.
Ғ.Қороев телефонни сотиб олмаган. Шу вақт дўкон ёнида турган таниши Д.Шарипов уларнинг ёнига келган ҳамда Бекчоновдан ўрталарида олдиндан бўлган 150 минг сўм қарзини сўраган. Бекчонов унга пули йўқлигини айтган. Шунда таниши унинг қўлидаги ўғирланган телефонни олиб қўйган ҳамда қарзини берганда қайтаришини билдирган.
“Кейинчалик шу куни ИИБ ходимлари мен томонимдан содир этилган ўғирликни фош қилишди. Ҳозирги кунда ўғирлик оқибатида етказилган моддий зарарни тўлиқ қопладим. Айбимга тўла иқрорман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Муқаддам судланмаганлигим, оилавий ва моддий аҳволимни инобатга олиб, жазо тайинлашда енгиллик қилишни сўрайман








