Ўзбекистон | 10:40 / 14.10.2020
5020
1 дақиқада ўқилади

Урганчдаги ғишт заводи 440,8 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Урганч шаҳридаги «Саноатчилар» кўчасида жойлашган «Жаҳонгир» МЧЖ ҳудудида ғишт пишириш учун 20та хумдон бўлиб, уларнинг 5тасидан ҳеч қандай ҳужжат ва рухсатномаларсиз, газ тақсимлаш қурилмаси тамғаларини яроқсиз ҳолга келтирган ҳолда фойдаланилаётгани аниқланди.

«Hududgazta’minot» АЖ хабарига кўра, мазкур хумдонларга ўрнатилган газ жўмраги полиэтилен қувурлар орқали тўғридан тўғри тармоққа уланиб, ғишт пиширилган.

Бундан ташқари, жамиятга қарашли чойхона ҳам табиий газдан фойдаланиш қоидаларини қўпол равишда бузиб фаолият кўрсатаётгани маълум бўлган. Лойиҳа ҳужжатларида овқатланиш объекти темир қувурлар билан газлаштирилиши белгиланган бўлсада, амалда полиэтилен қувурлар орқали газга уланиб, таом тайёрлаш учун мўлжалланган қўлбола 12та комфоркали ускуналардан фойдаланиб келинган.

Маълум қилинишича, «Жаҳонгир» МЧЖ томонидан содир этилган ушбу қонунбузарликлар натижасида газ етказиб берувчи ташкилотларга жами 440,8 миллион сўмлик зарар етказилган.

Корхона ҳозирда газ таъминотидан тўлиқ узилган. Мазкур иш бўйича барча ҳужжатлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Мавзуга оид