Ўзбекистон | 21:19 / 16.10.2020
4291
1 дақиқада ўқилади

Хонқа тумани ҳокими аҳолидан узр сўраб, йўл қўйилган камчиликларни тўғрилашга ваъда берди

16 октябрь куни халқ депутатлари Хоразм вилояти Хонқа туман кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда «Туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари»га асосан Хонқа туманини «қизил» тоифадан олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

АОКАнинг Хоразм вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича фаолияти «қониқарсиз» баҳоланган туман ҳокими ва сектор раҳбарлари йўл қўйган камчиликлари учун аҳолидан узр сўраб, вазиятни тўғирлашга ваъда берган.

Туман ҳокимлиги хабарига кўра, сессияда сектор раҳбарлари мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган 22 банддан иборат «Йўл харитаси»ни тақдим этган.

«Туман иқтисодиётининг ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлишига ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланмаслик, иқтисодий ўсиш суръатларини юқори даражада таъминламаслик, яширин иқтисодиёт натижасида кўрсатилган хизматлар ҳажми статистик ҳисоботларда ўз аксини топмагани ортидан кўрсаткичларда қолоқликларга йўл қўйилгани сабаб бўлгани қайд этилди», – дейилади ҳокимлик хабарида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид