Ўзбекистон | 16:48 / 17.10.2020
30105
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис семизлик ташхиси бор беморларда коронавирус нима учун оғир кечаётганини айтди

Тўқималар ва органларда ортиқча ёғ борлиги семизлик дейилади. Бу дард соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг жиддий муаммолардан бири бўлиб, у туфайли юзага келган касалликлардан ҳар йили тахминан 2,5 миллион киши бевақт вафот этади. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

Фото: Getty Images

«Олимларнинг таъкидлашича, тана вазнидан ортиқча ҳар 10 килограмм инсоннинг умр кўриш муддатини 3 йилга қисқартиради. Семизликнинг бир неча турлари бор: бирламчи, гипоталамо ва эндокрин. 

Бирламчи семизлик тез-тез ортиқча егулик ейиш билан ва зарур жисмоний фаолият йўқлиги билан ривожланади. Гипаталомо семизлик миянинг гормонлар ишлаб чиқариши бузилганда ривожланади. Эндокрин семизлик организмдаги безлар бузилиши фонида шаклланади», - деди Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда.

У семизлик натижасида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида гапирди.

«Семизлик натижасида бир қатор касалликлар келиб чиқади: қандли диабетнинг 2-тури, саратон, оғир юрак қон томир касалликлари, томирларнинг варикоз кенгайиши, қўшма касалликлар ва бошқалар. Ушбу даврда организмда модда алмашинуви бузилади. 

Семизлик ташхиси бор беморлар коронавирусга чалинса, уларнинг ҳамроҳ касалликлари ҳам зўраяди ва организмнинг курашиш қобилияти сусаяди. Улар бундай даврда барча инфекцияларни юқтиришга мойил бўлиб қоладилар. Шунинг учун бундай беморларда касаллик кўпинча оғир кечади», - деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид