Жаҳон | 23:45 / 19.10.2020
13795
10 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Италияда янги чекловлар киритилмоқда, британияликлар баҳслашмоқда, антитананинг умри узунроқ бўлиши мумкин

АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, душанба куни ер юзи бўйлаб Covid-19’нинг расмий қайд этилган ҳолатлари сони 40 миллиондан ошди, қурбонлар сони 1,1 миллиондан кўпроқни ташкил этмоқда. 

Фото: AP/ТАСС

Тест олишдаги фарқлар ва кўплаб мамлакатларда аҳолининг барча қатламлари ҳам тест топшириш имкониятига эга эмаслиги ҳисобга олинса, ҳақиқий рақамлар анча юқори бўлиши мумкин. 

АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистон бу қайғули статистикада ҳамон етакчи бўлиб қолмоқда. 

Европада касалланишнинг иккинчи тўлқинини бошдан кечираётган мамлакатлар алоҳида ҳудудларда карантин чоралари жорий этиш орқали умумий локдаунга зарурат туғилишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. 

Айни шу вақтда Австралияда Виктория штати 100 кундан ортиқ давом этган локдаундан кейин қатъий чораларни эҳтиёткорлик билан юмшатмоқда. Хитой эса пандемия таъсиридан қутилганини маълум қилди, янги кўрсаткичлар иқтисодий ўсишни кўрсатяпти. 

Италия бош вазири: «Яқинларингиз билан учрашувда эҳтиёткорликни унутманг»

Душанба кунидан Италияда коронавирусни жиловлаш чоралари кучайтирилди. Шаҳарлар мэрларига жамоат жойларини соат 21:00да ёпиш ҳуқуқи берилган. Ресторанга ташриф буюрувчилар гуруҳи олти кишигача қисқартирилди ва соат 18: 00дан кейин уларда фақат столда ўтирган хўрандалар учун хизмат кўрсатилади. Катта синф ўқувчилари ўқув кунини кечроқ бошлашади, конференция ва фестиваллар қолдирилади ва бевосита алоқани талаб этадиган спорт турлари тўхтатилади. 

Якшанба куни Италияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 11 минг 705та янги ҳолат қайд этилди. Аввалги рекорд бир кун аввал, шанба куни кузатилган (10 925та ҳолат). Пандемия бошида Италия энг кўп азият чеккан давлатлардан бири эди - Европа мамлакатлари орасида ўлим ҳолатлари сони бўйича фақатгина Буюк Британия олдинда.

Бош вазир Жузеппе Конте якшанба куни телевизор орқали халққа ниқоб кийган ҳолда мурожаат қилди. У янги умумий локдаундан қочиш истагида эканини айтди ва барчани ўзига боғлиқ бўлган мажбуриятни унутмасликка чақирди.

«Энг содда чоралар ҳануз энг самарали бўлиб қолмоқда: ниқоблар, масофа сақлаш ва қўлларни ювиш. Биз бўшашиб, эҳтиёт бўлишни унутадиган вазиятларга алоҳида эътибор қаратишимиз керак: оила ва дўстлар даврасида эҳтиёт бўлинг», деди бош вазир. 

Австралияда қатъий карантин ниҳоясига етди
Австралиянинг Виктория штати 100 кундан ортиқ давом этган қаттиқ локдаундан аста-секин чиқмоқда.

Душанба кунидан бошлаб штат пойтахти Мельбурнда яшовчилар ўз уйларидан 25 км масофагача ҳаракатланишлари, икки хил уйда яшовчиларнинг 10 кишигача бўлган гуруҳларда учрашишлари мумкин бўлади. Шунингдек, пиёда юриш вақтига бўлган чекловлар олиб ташланди, сартарошлик хизматлари ва теннис кортлари очилди. Штатнинг бошқа шаҳарларида меҳмонга бориш қоидалари ҳам ўзгарган: меҳмонлар сони икки катта ёшли ва икки нафар болагача. 

Шу билан бирга, ресторанлар ҳали ҳам фақат олиб кетиш учун таом тайёрлаши мумкин, кўплаб дўконлар ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар ёпиқлигича қолмоқда. 

Викторияда қатъий карантин ёзда жорий этилган. Айниқса, штат маркази Мельбурнда чоралар жуда қаттиқ эди. Буларга тунги комендантлик соати ва қоидаларни бузганларга минглаб доллар миқдорида жарималар кирган. Иккинчи тўлқиннинг энг юқори чўққиси кузатилган август ойида штат бўйлаб кунига 687та янги ҳолат қайд этилган -  ҳозирда бу кўрсаткич 4тагача камайди. 

Ёз ўрталарига қадар Австралия коронавируснинг тарқалиши билан муваффақиятли курашди, аммо фақатгина июль ойида пандемия бошланганидан бери мамлакатдаги вирус юқтириб олган беморлар сони бирдан икки бараварга ошди - бу Викториядаги вазият туфайли. 

Варшавадаги стадионда дала госпитали очилди

Польша ҳукумати Варшавадаги миллий стадион ҳудудида дала госпитали очилганини маълум қилди, бу ерда Covid-19 беморлари учун 500 ўрин тайёрланган.

Якшанба куни ушбу мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 8,5 мингга чиқди, бир ой муқаддам бу рақамлар 800га тенг эди.

Польшалик шифокорлар тиббий ходимлар, койкалар ва махсус жиҳозлар етишмовчилигидан шикоят қилишмоқда. Ҳукумат фуқаролардан уйда қолишни сўрамоқда. Бассейнлар ва спорт заллари ёпилган, ресторанларда иш вақти чекланган.

Британия: Манчестер мэри ҳукумат билан баҳслашмоқда, Уэльсда локдаун

Британияда ҳукумат ва Манчестер мэри ўртасида шаҳар ва унинг атрофида чекловлар жорий қилиш масаласида баҳслашув давом этмоқда.

Маҳаллий расмийлардан бири - Уй-жой ва маҳаллий бошқарув вазири Роберт Женрик BBC учун берган интервьюсида Манчестер маъмурлари билан келишувга эришиш арафасида турилганини айтиб, бу баҳс одамларнинг ҳаётига зарар етказиши мумкинлигини қайд этиб ўтган.

Ўтган ҳафтада бош вазир Борис Жонсон эпидемик вазият оғир бўлган Манчестерда «учинчи даражали» чеклов чоралари жорий этилиши зарурлигини айтиб ўтганди. Бу чоралар меҳмонга боришни тақиқлаш ва қатор соҳалардаги муассасаларни ёпишни кўзда тутади. Аммо Британия ҳукумати бу борада якуний қарор қабул қилишни маҳаллий расмийларга қолдиргани туфайли Манчестер мэри Энди Бернэм ҳукуматга ўз шартларини қўйиши мумкин бўлмоқда.

Мэр ҳукуматдан Манчестер аҳолисининг чеклов чоралари туфайли ишга бора олмайдиган қисми учун маошларнинг 80 фоизини тўлаб беришни талаб қилмоқда. Британияда пандемиянинг илк даврида шундай схема йўлга қўйилганди ва яқин вақтларгача амал қилаётганди. Ҳозирда ҳукумат карантин киритилаётган минтақаларнинг маҳаллий бюджетларига бир марталик ёрдам таклиф қилмоқда, аммо Манчестер мэри буни етарли эмас деб ҳисобламоқда.

Бу вақтда Уэльс маҳаллий расмийлари 23 октябрдан локдаун жорий этилиши ва бу чекловлар 9 ноябрь кунига қадар амал қилиши ҳақида маълум қилди. Бу мактаблар учун узайтирилган таътил бўлади. Одамлар уйида қолиши мумкин, озиқ-овқат дўконларидан бошқа савдо шохобчалари худди ресторанлар ва паблар каби ёпилади.

Олимлар: Covid-19’га қарши иммунитет кўпроққа етиши мумкин

Коронавирусдан зарарлангач пайдо бўладиган антитана бемор танасида кўп эҳтимол билан бир неча ой қолади. АҚШнинг Аризона штатидаги университет ходимлари шундай хулосага келишган.

Тадқиқотда коронавирусга чалинган беморлардан 6000 нафарга яқини иштирок этган, уларнинг деярли барчасида касалланишдан беш ва етти ойдан кейин ҳам вирусни бартараф қилувчи «юқори сифатли» антитана бўлган.

Ҳамон антитана коронавирусга қарши иммунитетни кафолатлаши ҳақида аниқ далиллар мавжуд эмас. Аммо бу тадқиқот антитана касалланиб чиққан одам организмида бир неча ойдан узоқроқ қолмаслиги ҳақидаги хавотирларни аритмоқда.

Хитой сайёрада ҳаммадан олдинда
Кенг миқёсли карантин ва қатъий чекловларнинг афзалликлари Хитой томонидан яна бир бор намойиш этилди.

Энг сўнгги статистика шуни кўрсатдики, Хитой иқтисодиёти – дунёда Америка ва Европадагидан кейин учинчи ўринда – дунёнинг аҳолиси энг кўп мамлакати коронавирус эпидемиясини ўз вақтида жиловлашга муваффақ бўлгани ва майдаёқ одатий ҳаёт тарзига қайтгани туфайли иқтисодий ўсишга эришмоқда, бу вақтда эса Ғарб давлатлари иккинчи тўлқин билан курашиб, иқтисодий фаоллашув пасайишига тайёрланишмоқда.

Хитой расмийлари душанба куни мамлакат иқтисодиёти июль-сентябрь ойларида қарийб 5 фоизга ўсгани, ўтган чоракдагига (апрель-июнь) нисбатан ўсиш 3,2 фоизни ташкил қилиши ҳақида маълум қилишди. Шу тариқа, Хитой биринчи чоракдаги пасайишнинг ўрнини тўлдириб олмоқда (ўшанда ушбу мамлакат дунёда биринчи бўлиб Covid-19 зарбасини қабул қилиб олган ва иқтисодиёти 6,8 фоизга қулаганди).

Хитойда бир неча ойдан буён коронавирусдан касалланиш ҳолатлари жуда кам миқдорда қайд этилмоқда, ишлаб чиқариш ҳам, истеъмол ҳам инқирозгача бўлган даражага қайтмоқда. Хитойликлар эмин-эркин дўконларга, ишга боришмоқда, бутун мамлакат бўйлаб сафарларга чиқишмоқда: октябрь ойидаги байрам ҳафтасида 637 млн сафар амалга оширилди – бу ўтган йилдагидан атиги 19 фоизга камроқ.

Хитой иқтисодиётидаги тикланиш бошқа мамлакатлар учун ҳам, айниқса, хитойлик истеъмолчиларга машиналар ва қурилмалар сотувчи Германия учун, шунингдек, нефть, газ ва рудалар ишлаб чиқарувчилар учун яхши янгиликдир.

Бундай темп билан Хитой вирусли 2020 йилни ўсиш билан якунлайдиган сайёрадаги энг йирик иқтисодиётга эга давлатга айланиши мумкин. Мамлакат марказий банки йил якунларига кўра 2 фоизлик ўсишни прогноз қилмоқда, бу одатдагидан икки баробар пастроқ бўлсада нисбатан яхши натижа: дунё иқтисодиётидаги умумий пасайиш эса, Халқаро валюта жамғармасининг ўтган ҳафтадаги прогнозларига кўра 4,4 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.

Германия шамоллатиш тизимларини яхшиламоқда

Германия ҳукумати мамлакатдаги жамоат биноларини шамоллатиш тизими билан таъминлаш учун 500 млн евро ажратмоқда.

Ҳукумат грантлари офислар, музейлар, театрлар, университетлар ва мактабларда ҳаво айланишини яхшилашга йўналтирилади.

Сентябрь ойи охирида ёпиқ биноларнинг вентиляция тизимларини яхшилаш масаласи Германия ҳукуматининг коронавирус тарқалишига қарши курашишга йўналтирилган тавсиялари рўйхатига киритилганди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, Covid-19 бемори ёпиқ бинода аксирса ёки йўталса, майда зарралар ҳавода саккиз дақиқагача муаллақ туради. Йилнинг совуқ вақтида эса одамлар кўп вақтни ёпиқ биноларда ўтказишади, шу туфайли бундай ҳудудларда вентиляция муҳим.

Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид