«Ўзбекнефтгаз»: Маҳаллийлаштириш режаси 175 фоизга бажарилиб, ўтган йилга нисбатан 830 млрд сўмга кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан жорий йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш, импорт ҳажмини қисқартириш ва тармоқ ҳамда ҳудудий корхонлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш борасида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда.
Хусусан, маҳаллийлаштириш дастури доирасида умумий қиймати 959,4 млрд сўм бўлган (режага нисбатан 175,5 фоиз) ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 830,1 млрд сўмга кўпроқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Йил якуни бўйича 1 250 млрд сўмлик (режага нисбатан 145,6 фоиз) маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Дастурга кўра, жами 13 хил турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, ҳисобот даврида 687,9 млрд сўмлик маҳсулот реализация қилинди. Шундан 3,14 млн АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспортга йўналтирилди.
Жорий йилнинг апрель ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи негизида Евро 4,5 стандартидаги дизель ёқилғиси ва августда эса Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришнинг қувватларини ошириш лойиҳалари ишга туширилди.
Маҳсулот реализацияси ва маҳаллий товарларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда жамият томонидан кейинги ҳисобот йилидаги иш режасига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Унга кўра, 2021 йилда 20та лойиҳа доирасида умумий қиймати 3 076,8 млрд сўмлик ёки жорий йил кўрсаткичига нисбатан 300,2 фоиз кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабни қондириш ва импортни қисқартириш дастури доирасида қиймати 214,6 млн АҚШ долларлик маҳсулотлар импорти ўрни қопланди. Бу эса ўз ўрнида дастур режасининг 112,3 фоизга бажарилиши, шу жумладан 187,8 млн доллар – маҳаллийлаштириш ҳисобига ва 26,9 млн доллар – тармоқлараро кооперация алоқаларининг йўлга қўйилиши ҳисобига амалга оширилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг ташаббуси билан «Тармоқ-ҳудуд» тамойилига асосланган кооперация алоқалари ўрнатилди. Ушбу алоқалар самараси ўлароқ ҳозирда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни топиш, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ва техник имкониятларини чуқур ўрганиш, маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштиришга кўмаклашиш ва албатта, улар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш муҳим вазифа этиб белгиланган.
Тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш, импорт маҳсулотларига бўлган талабни босқичма-босқич камайтириш бўйича ягона электрон кооперация портали орқали «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида 522,4 млрд сўмлик 1540 та шартномалар имзоланди. Харид қилинган маҳсулот ва хизматлар республиканинг 12 та вилоятини қамраб олиб, 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларини ўз ичига олади.
Импортдан харид қилинган 20 турдаги янги маҳсулот турларини ўзлаштириш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш натижасида йил охирига қадар 6 млн долларлик импорт ҳажми қисқартирилади.
Жумладан, апрель-июль ойларида «Глобал Хим Реагент» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси қудуқларида ва газни комплекс тайёрлаш технологик қурилмасида ҳамда Ўртабулоқ-МГҚИЗ газ қувурларида ингибитор коррозия кимёвий реагенти саноат-тажриба синовларидан ўтказилиб, ижобий натижа кўрсатди.
«Chilon Lubricants» МЧЖ томонидан редукторлар учун мўлжалланган «Chilon NVI S 680» маркали синтетик мойи ишлаб чиқарилди. Июль ойида «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонаси томонидан ушбу маҳаллий мой импорт аналоги параметрларига мослиги аниқланди. Синтетик мойини гранулаларни қуритиш ускунасида саноат-тажриба синовларини ўтказиш жорий йилнинг ноябрь ойига режалаштирилган.
Жорий йилнинг май-июнь ойларида «Shturval» МЧЖ томонидан Муборак газни қайта ишлаш заводида маҳаллий активлаштирилган кўмир саноат-тажриба синовларидан ўтказилди ва ижобий натижага эришилди.
«Shturval» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳаллий NaA маркали цеолитлар ҳозирда «УзКФИТИ» илмий-тадқиқот институти лаборатория синовларидан ўтказилмоқда. Синов ишлари ижобий натижалари асосида ноябрь ойида саноат-тажриба синовлари ўтказиш режалаштирилган.
«Спарт Систем» МЧЖнинг босим ўлчагичлари ва босим фарқи ўлчаш датчиклари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаларида саноат-тажриба синовлари ўтказилди. Унинг ижобий натижалари асосида 16 июль куни «Ўзстандарт» агентлиги томонидан маҳсулотларга мувофиқлик стандарти олинди.
Шунингдек, «Стандарт Прибор» МЧЖнинг «Floread» русумли газ, суюқлик ва пар сарфи ўлчагичлари, «Jizzakh Him Plast» ҚК МЧЖнинг «HIGH FLOW» русумли фильтрлари, «Shturval» МЧЖнинг СaA маркали цеолити, «Gidro Stanko Servivis» МЧЖнинг нефт ва газ ускуналарини ўзлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда, инновацион ишланмаларни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, шунингдек, илм-фан соҳасидаги кадрларни тайёрлаш мақсадида тармоқ корхоналари негизида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур илмий-тадқиқот марказларида илмий ишланмалар, энергетика, нефть ва газ соҳасида жаҳон тенденциясига мос инновацион лойиҳалар ва уларни патентлаш, ёш кадрларнинг соҳага илмий ёндашиш кўникмаларини шакллантириш ва малакали кадрларнинг илмий квалификациясини янада ошириш каби бир неча йўналишлар қамраб олинади.
Бундан ташқари, янги инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида республиканинг бир қатор илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. «УзКФИТИ» билан «Газлар ва суюқликларни қуритиш ва тозалашда қўлланиладиган алюмооксид адсорбентларни шакллантириш қонуниятларини ўрганиш ва синтезлаш омилларини ишлаб чиқиш» лойиҳаси шулар жумласидандир.
Шунингдек, Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари томонидан «Водород сульфидидан импорт ўрнини босувчи натрий сульфид олиш технологияси», «Водород сульфидидан импорт ўрнини босувчи одорант олиш технологияси» борасида олиб борилаётган илмий ишларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ тармоқ корхоналарининг тайёр маҳсулотлари, уларга талаб этиладиган хомашё, бутловчи буюм ва материалларнинг онлайн кўргазмасини яратиш лойиҳаси сайти тайёрланди. Ҳозирги кунда сайт тест режимида фаолият юритмоқда, унга 1 500 дан зиёд маҳсулотлар намуналари юкланди. Онлайн кўргазма ўз ичига ҳар бир маҳсулотнинг виртуал 360 градусли кўриниши, шунингдек, маҳсулотнинг техник тавсифи тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни олиши белгиланган. Бу эса ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини ўрнатишда интенсивлик ва оперативлик каби омилларнинг ривожланишига ижобий туртки бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун: Онлайн кўргазма алоҳида электрон платформа кўринишида ишлаб чиқилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидаги ҳар бир корхона эҳтиёжи учун зарур бўладиган моддий-техник ресурслар билан кенгроқ таништириш мақсадида ташкил этилмоқда. Кўргазмадан «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳамда улар эҳтиёжи учун зарур бўладиган маҳсулотлар, бутловчи қисм ва материаллар ўрин олади.
Ушбу кўргазма кейинчалик республика ягона электрон кооперация портали (cooperation.uz) ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан жорий этилаётган SAP ARIBA автоматлаштирилган тизимларига интеграция қилинади. Бундан ташқари, жамиятнинг расмий веб-сайтида доимий равишда жойлаштирилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024