Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёдаги вазият: Британияда вакцина кўнгиллиларда синалмоқда, Европанинг қатор давлатларида антирекордлар
Дунёда Covid-19’дан зарарланганлар сони 40,7 млн кишига етди, шу вақтгача 30,4 млн киши соғайган, 9,2 млн киши даволанмоқда, шундан 73 мингдан ортиқ киши оғир аҳволда шифохоналарда қолмоқда. 1 млн 125 минг бемор вафот этган.
АҚШда, Европа мамлакатлари ва Россияда вазият оғирлигича қолмоқда. Ҳиндистон ва Австралияда касаллик тарқалиши пасайган, Хитой эса ўз иқтисодиёти тикланганини эълон қилмоқда.
Давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ноябрь ойининг иккинчи ярмида пандемиянинг иккинчи тўлқини ўз чўққисига етишини тахмин қилмоқда.
Ҳукуматлар ҳозирча бизнесга зарар етказишдан тийилиб, алоҳида ҳудудларда карантин чоралари қўллаш билан кифояланишмоқда, барча давлатлар тез орада оммавий вакцинация бошланишига умид қилишмоқда.
Британиялик кўнгиллилар ўз хоҳиши билан вирус юқтиришади
18-30 ёш оралиғидаги 90 нафар британиялик коронавирусга қарши синовдаги вакцинани қабул қилди, кейин уларга бурун орқали вирус юқтирилади - тиббиёт ходимлари бу орқали вакцина чиндан касалликдан ҳимоялашини текширишмоқчи.
Январь ойига режалаштирилган ушбу тадқиқот дунёда шу турдаги биринчиси бўлади.
Тажриба иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, шунингдек, уларнинг ёшлиги ва доимий назоратда бўлиши ҳам бунга қўшимча кафолат бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилмоқда.

«Маълум қўзғатувчи билан қасддан зарарлаш - ҳамиша ҳам осон бўлмаган қарордир. Аммо бундай тадқиқот жуда кўп маълумот бериши мумкин. Бундай тадқиқот ўтказилишига чиндан эҳтиёж бор, Covid-19 дан даъволовчи самарали вакцинага ва даъволаш усулларига имкон қадар тезроқ эришишимиз зарур», деган профессор Питер Опеншо.
Дастурнинг яна бир етакчи иштирокчиси, Лондон Империал коллежи вакили бўлган доктор Крис Чу унинг жамоаси қарийб 10 йилдан буён бошқа вирусларга қарши курашиш бўйича шу каби тажрибаларни ўтказиб келиши ва бу тажрибалар жиддий оқибатларга олиб келиши кузатилмаганини қайд этиб ўтган.
«Хавф-хатардан холи бўлган бирорта тадқиқот бўлмайди, аммо биз ҳамкорларимиз билан буни минимум даражага тушириш учун барча имкониятларни ишга солганмиз», деган у.
Ҳукумат тадқиқот учун 33,6 млн фунт (43,5 млн доллар атрофида) миқдорида маблағ ажратган.
Қайғули рекордлар
Аргентина АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Россия ва Испания ортидан коронавирус билан зарарланганлар сони миллионлик нуқтадан ўтган олтинчи давлат бўлди. Душанба куни бу давлатда 13 мингга яқин янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган.
Францияда интенсив терапия палаталаридаги Covid-19 беморлари сони май ойидан буён илк марта икки мингдан ошди. Парижда ва унга яқин департаментлардаги мавжуд реанимация койкаларининг ярмидан ошиғи тўлган. Франция дунёда касалланиш ҳолатлари сони бўйича 8-ўринда (910 минг ҳолат), ўлим ҳолатлари сони бўйича эса 9-ўринда (33,6 минг ҳолат) жойлашган.

Чехияда октябрь ойи бошидан буён коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони ундан олдинги саккиз ой ичида вафот этганлар сонидан кўпроқ бўлди. Ушбу мамлакат аҳолининг ҳар 100 минг нафарига нисбатан касаллар сони кўплиги бўйича Европада биринчи ўринга чиққан.
Жума куни ушбу мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони бўйича пандемия бошидан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилди - 11,1 минг ҳолат. Чехиядаги барлар, ресторанлар, спорт клублари ва кинотеатрлар ўтган ҳафтадаёқ ёпилганди. Якшанба куни Прагада 2 минг чоғли футбол мухлислари карантин чораларига қарши бўлиб, полициячилар билан муштлашув уюштиришди.
Украинада 19 октябрь куни яна 5469 кишида касаллик аниқланди ва беморларнинг 113 нафари вафот этди. Аввалги антирекорд 18 октябрь куни қайд этилганди - 4766 касалланиш ҳолати ва 109 ўлим. Пандемия даврида ушбу мамлакатда жами 309,1 минг киши касалланган, қарийб 5800 киши вафот этган. Энг оғир вазият Киев, Харьков ва Львов областларида кузатилмоқда.
Бельгия: тўлқин эмас, цунами
Бельгия ҳукумати пандемиянинг иккинчи тўлқинига тўлқин эмас, цунами сифатида қарамоқда. «Ҳукумат рўй бераётган ҳодисани назорат қила олмаяпти», деди ушбу қиёслаш муаллифи, мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Франк Ванденбрюкке.
9-16 октябрь кунлари кунлик касалланиш ҳолатларининг ўртача даражаси ундан олдинги ҳафтадагига қараганда 79 фоизга ошди. 13 октябрь куни пандемия давридаги миллий рекорд қайд этилганди - 12 минг 51 ҳолат.

Covid-19 қурбонларининг аҳоли сонига нисбати бўйича Бельгия дунёда Перу ва карлик давлат ҳисобланмиш Сан-Маринодан кейинги учинчи ўринда туради.
Душанба куни ҳолатига кўра клиникаларда 2485 нафар бемор бор эди. Агар шу тенденция сақланиб қолса, мамлакатдаги койкалар захиралари ноябрь ойи ўрталарига бориб тугаб қолади.
Мамлакатдаги барча барлар ва ресторанлар душанба кунидан тўрт ҳафта муддатга ёпилмоқда.
Франк Ванденбрюкке Брюсселдаги ва мамлакат жанубидаги вазиятни Европада кузатилаётган энг оғир ҳолат сифатида баҳолаган.
Манчестер Ливерпуль ортидан
2,8 миллион аҳолига эга бўлган Катта Манчестерда ҳукумат қарори билан коронавирус хавфи бўйича «учинчи даражали» ҳолат кучга киради. Бош вазир Борис Жонсон сешанба кунги матбуот анжумани вақтида янги режим 23 октябрга ўтар кечаси амал қила бошлашини маълум қилди.
Бу чоралар овқатланиш шохобчалари, спортзаллар ва қатор кўнгилочар масканлар ёпилишини, шунингдек, бир том остида яшамайдиган инсонлар ўртасида яқин мулоқот бўлишини тақиқлашни кўзда тутади.

Бунгача Англияда фақат Ливерпуль ҳамда Мерсисайд графлиги атрофидаги ҳудудларда шу каби чоралар кучга кирганди.
Манчестернинг лейбористларга мансуб бўлган мэри ва шаҳар кенгаши 10 кун давомида «учинчи даража»га ўтишга қаршилик қилди ва Лондондаги ҳукуматдан карантин туфайли ишсиз қоладиган аҳолига иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида тўловлар амалга оширишни талаб қилди.
Томонлар бир-бирини масалани сиёсийлаштиришда айблаб келишди ва сешанба куни ҳам молиявий ёрдам бўйича музокаралар натижасиз тугади.
Бирлашган Қиролликда сўнгги уч ҳафта мобайнида кунлик касалланиш ҳолатлари сони 4 мингдан 16 мингга кўтарилган. Айни вақтда баҳорда ёпилган «Найтингейл» дала госпиталлари қайтадан очилмоқда.
Сешанба куни Британияда 21331 зарарланиш ҳолати қайд этилиб, 241 киши ҳалок бўлди.
Пандемия бошидан буён Бирлашган Қиролликда жами 740 минг киши вирусдан зарарланди, 43,7 минг киши вафот этди - бу Европадаги энг юқори рақамлар.
Дунёда яна нималар бўлмоқда
Ҳиндистонда кунлик касалланиш ҳолатлари сони июль ойидан бери илк марта 50 мингдан камроқ бўлди.
Ирландия, Италиядаги Ломбардия, Испаниядаги Наварра ва Бавария еридаги Берхтесгаденер туманида икки ҳафталик қатъий карантин бошланди. Бу ҳудудлар аҳолисига уйдан фақат ишга ҳамда ҳаёт учун зарур бўлган маҳсулотлар харид қилиш мақсадида чиқишга рухсат берилади.
Уэльс биринчи вазири Марк Дрейкфорд BBC учун берган интервьюсида карантин максимал даражада қатъий ва қисқа муддатли бўлиши кераклиги, бу орқали иқтисодиёт ва инсонлар руҳиятига зарар минимум даражада бўлишига эришиш мумкинлигини айтиб ўтган.
Душанба куни Уэльсда умумий овқатланиш шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконларнинг аксар қисми ёпилганди, мактаб ўқувчилари эса таътилга чиққан.
Польшадаги Қонун ва адолат партияси етакчиси Ярослав Качиньский душанба кунидан карантинга кетди, у вирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлгани маълум бўлган.
Лондондаги Ҳитроу аэропортидан Италия ва Ҳонгконгга учувчи йўловчиларга сешанба кунидан рейсни рўйхатга олиш вақтида тест топшириш таклиф қилинмоқда. Бунда натижа бир соат ичида тайёр бўлади. Тест топшириш нархи - 80 фунт (105 доллар атрофида). Бу амалиётни барча рейсларга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023