Жамият | 18:07 / 20.10.2020
3740
4 дақиқада ўқилади

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ: корхонамизнинг яна бир филиали замонавий бинода фаолият бошлади

18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни вилоятимизда кенг нишонланди. Шаҳарнинг бир қатор ҳудудларида корхона-ташкилотлар, кўчалар ва савдо комплекслари фойдаланишга топширилди. Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси жамоаси ҳам бу санани ўзига хос кўтаринки кайфиятда нишонлади, десак адашмаймиз.

Маълумки, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси ташаббуси билан тармоқдаги маънан эскирган электр таъминоти корхоналари бинолари капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бугун таъмирталаб ҳолатга келган бинолар замонавий қиёфа касб этиб, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратиляпти.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанд вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида ҳудудда бўлган Жамият раҳбари шаҳар электр таъминоти корхонасини кўздан кечириб, мазкур бинони таъмирлаш бўйича керакли кўрсатмалар берганди. Тез фурсатларда зарур жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланган корхона биноси ходимлар ва истеъмолчиларга байрамга муносиб туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, бу ерда замонавий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилганлиги электр энергияси етказиб берувчи ҳамда истеъмолчиларга қатор қулайликлар яратмоқда. Хусусан, тезкор диспетчерлик хизмати бўлими учун катта ҳажмдаги монитор ўрнатилгани Самарқанд шаҳрига кириб келувчи электр энергияни назорат қилиш, инсон омилисиз истеъмол қилинган электр энергияни аниқлаш имконини бермоқда. Бундан ташқари, электр қурилмалар қанча юклама билан ишлаши, АСКУЭ ҳисоблагичларининг кунлик истеъмоли, максимал ва минимал ҳолатларни кўрсатади. Шунингдек, ноқонуний уланган истеъмолчини манзилигача кўрсатиб бера олиш хусусиятига эга.

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ тезкор диспетчерлик хизмати қошидаги 12 нафар электромонтёр шаҳар диспетчерлик хизматига қўшиб берилди. Жамият қошидаги Call-марказ эса Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасининг янги биносига кўчиб ўтди. Тезкор бригада 6 дона «Damas» енгил юк автомашинаси ҳамда махсус техникалар билан таъминланди. Самарқанд шаҳрида электр энергияси бўйича сарсонгарчиликларни бартараф этган ҳолда, 3 та ҳудуд бирлаштирилди. Ҳозирги кунда истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида махсус кассалар, банкоматлар ишга туширилган.

Маълумот ўрнида, мазкур бино 1930 йилда Самарқанд шаҳри аҳолисини генератор орқали электр энергияси билан таъминловчи бино сифатида қурилганди. 1930-1970 йиллар давомида шаҳар электр таъминоти корхонасида 40 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилган бўлса, бугунги кунга келиб 250 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатаётган корхонада 4 та участка ва 1 дона тезкор диспетчерлик хизмати бўлими мавжуд.

1959-1960 йилларда ташкил этилган ускуналарни таъмирлаш марказий хизмати бўлими ҳозирги кунга қадар Самарқанд вилоятининг барча туман электр таъминоти корхонаси балансида бўлган 25 киловатдан бошлаб 630 киловатли трансформаторларни таъмирлаш ишларини олиб боради. Яқин орада нафақат Самарқанд вилояти, балки Сирдарё ва Жиззах вилоятларига ҳам хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Ҳурматли самарқандликлар!

Агар хонадонингизда электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз, бизга 1154 қисқа рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Самарқанд шаҳри аҳолиси диққатига!

Агар сизнинг янги ҳисоблагичингиз блокланиб қолса, Темирйўл ҳудуди бўйича (95) 410-01-79, Сиёб ҳудуди бўйича (95) 410-01-73, Боғишамол ҳудуди бўйича (95) 410-08-91 рақамларига соат 8:00 дан – 22:00 га қадар мурожаат қилишингиз мумкин.

Шунингдек, авария ҳолати кузатилса, (66) 233-67-63 ёки (95) 509-12-12 рақамларига мурожаат қилишингиз сўралади.

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати

 

 

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид