«Трамп ҳақиқий эмас!» – АҚШда сайлов олдидан тарқалган миш-мишлар ва афсоналар
АҚШ президентлик сайловлари бошланишига тобора оз вақт қолмоқда. Сайлов яқинлашган сари турли миш-мишлар ҳам кўпаймоқда. ВВС бу миш-мишларнинг «энг саралари»ни тўплади.
Почта орқали овоз бериш. Трампнинг шубҳалари ўзини оқлаяптими?
Коронавирус сабабли АҚШ президентлик сайловларида кўпчилик почта орқали овоз бериши мумкин. Буни АҚШда «мейл-ин» дейишади. Трампнинг штаби ва унинг ўзи почта орқали овоз бериш овозларни сохталаштириш учун жуда қулай имконият туғдиришини таъкидлаб келишади. Трамп сайловлар почта орқали ўтказилса, бу «АҚШ тарихидаги энг шармандали сайлов бўлиши»ни айтган ва унинг натижаларини тан олмаслигини билдирганди. Табиийки, бу гапларнинг қандайдир исботи кўрсатилмаган.
Аслида АҚШда почта орқали овоз бериш янгилик эмас ва бу жараёнда овозларни сохталаштириш жуда кам кузатиладиган ҳолат. Трамп ўтган ҳафтада Оҳайо штатида почта орқали овоз бериш учун 50 минг дона сайлов бюллетенлари хато тарқатилгани бўлажак сайловлар манипуляция объектига айланишининг исботи эканини айтганди. Трамп бу ҳақда Байден билан дебатлар вақтида ҳам эслатди. Дебат модератори эса Трампнинг гапини бўлиб, ФҚБ ҳозирча овозларни сохталаштириш бўйича исбот топмаганини билдирди.
Трамп айтган ҳолат Оҳайо штатидаги Франклин округида содир бўлган. Округда ишлаётганлар Трампнинг бу борадаги твитига жавоб берар экан, чиндан жиддий хатога йўл қўйилганини тан олди ва сайлов комиссияси икки партиядан иборат эканини эслатиб, берилган овозлар тўғри ҳисобланишини маълум қилди.
Округда хато техник муаммо сабаб содир бўлган. Сайлов бюллетенларини чиқариши керак бўлган катта тезликдаги сканер бузилиб қолган ва оқибатда 250 мингдан ортиқ бюллетенларда хато маълумотлар чоп этилган. Ҳудуддаги сайлов комиссияси барча хато бюллетенлар ўрнига тузатилганлари юборилишини таъминлаган ва уларнинг айтишича, ҳеч ким икки марта овоз бермаслиги учун керакли ишлар қилинган.
Сентябрда фейсбукнинг минглаб фойдаланувчилари ўз саҳифаларида бюллетенлар юборилган очиқ конвертларнинг суратини жойлаб, улар сайлов натижаларини манипуляциялаштириш имконини беришини айтишганди. Бироқ кейинчалик бу 2018 йилги сенат сайловларида фойдаланилган конвертлар экани маълум бўлди ва улар қонунга мувофиқ ташлаб юборилгани айтилди. У вақтда эса АҚШ президентлик сайловларини почта орқали ўтказиш борасида гап йўқ эди.
Умуман олганда, АҚШда почта орқали овоз бериш жараёнида Трамп хавотирланаётгандек овозларни сохталаштириш ҳолатлари деярли учрамайди. Аммо Трампнинг хавотирланишига асоси ҳам бор, ахир ҳали АҚШ президенти бу қадар кенг миқёсда масофадан овоз бериш орқали аниқлангани йўқ. Бундан ташқари, президентлик сайловларида номзодлар учун берилган ҳар бир овоз аҳамиятли.
Маълум бўлишича, ФҚБ ҳозирда Пенсильваниядаги ҳарбийларга юборилган тўққизта сохта бюллетенни ўрганмоқда. АҚШ федерал сайлов комиссияси аъзоси Эллен Вайнтрауб эса ҳаммаси жойида эканини, овоз бериш жараёни муаммосиз ўтишини айтган.
«Бўҳтон кампанияси»
АҚШ президентлигига номзодлар сайловолди кампанияси вақтида ўз рақиблари шаънига ҳар хил гапларни гапириши, ҳатто бўҳтон сўқиши янгилик эмас, худди ҳозирги каби. Нима ҳам дейсиз, бу Америка ахир!
Трампнинг ўғли твиттерда отасининг рақиби Жо Байденнинг қуролни тақиқлашини қўллаб, «Бинго!» дегани акс этган видеопарчани жойлади. Ахир Байден бундан аввал қурол савдосини тақиқламаслик керак деганди-да. Яъни кичик Трамп шу тариқа Байденни иккиюзламачи ва популистга чиқармоқчи бўлган. Аслида эса ўша видеонинг оригиналида Байдендан қуролни тақиқлаш эмас, автомат савдоси тақиқлашга муносабатини сўрашган. Байден автомат савдосини тўхтатиш кераклигини қўллайди. У бундай қурол сотиб олганлардан қуролни пул бериб қайтиб олиш керак ёки уни рўйхатдан ўтказишни талаб қилиш лозимлигини айтади.
Ўз навбатида, демократлар ҳам Трампнинг одамлардан қуролни олиб қўйиш кераклиги борасида айтган гапларининг видеосини тарқатиб юришади. Ваҳоланки, Трамп бу борада гапирар экан, қурол қотилларнинг қўлига тушиб қолмаслиги кераклигини айтган.
Яқинда Трампнинг сайловолди штаби ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига мамлакат бош инфекционисти Энтони Фаучи гўёки АҚШ президентининг коронавирусга қарши курашдаги ҳаракатларини мақтагани кўринган видеони жойлади. Ваҳоланки, ўшанда Фаучи Трампни мақтамаган, аксинча ўзининг ҳаракатлари ҳақида гапирган. Фаучи Трампни доим танқид қилишини эса воқеаларни кузатиб юрганлар билишади.
Демократлар тарқатган яна бир видеода Трамп гўёки коронавирусни бўлмаган нарса деб атагани акс этган. Аслида эса Трамп коронавирусни эмас, унга қарши қўлланаётган чораларга демократларнинг муносабатини бўлмағур деб атаган. Бундай бўҳтонлар тарқатишда томонлар чегара билмас фантазиялардан фойдаланишади. Масалан, Трамп штаби теледебатларнинг биринчисида Байденнинг қулоғида эшитиш мосламаси бўлгани ва унга гап ўргатиб туришганини иддао қилди. Табиийки, бу ҳам исботланмаган факт.
«Бин Лодин ва Трампнинг қиёфадоши»
Бу банддаги «уйдирмалар» эса чинакам Ҳолливудча жанрда. Яқинда твиттерда бир маълумот тарқалди: эмишки, 2011 йилда америкалик ҳарбийлар Покистонда Усама бин Лодинни эмас, унинг қиёфадошини ўлдиришган. Бу маълумотни МРБнинг ўз исмини ошкор қилишни хоҳламаган ходими маълум қилгани айтилди. Унга кўра, АҚШ президентлигига номзод ва 2011 йилда вице-президент бўлган Жо Байден аслида Бин Лодин ўлдирилмагани ҳақидаги маълумотни яширишда қатнашгани таъкидланган.
Бу хабар ҳақидаги твитни Трамп ҳам ретвит қилди. Теледебат вақтида ундан нега тасдиқланмаган хабарни тарқатишда қатнашганини сўрашди (ахир уни твиттерда 87,3 миллиондан ортиқ одам ўқийди). Трамп эса хотиржам туриб «Ҳаммасини одамларнинг ўзи ҳал қилсин», деди. Бин Лодинни йўқ қилиш операциясида қатнашган денгиз флоти собиқ зобити бу гапни операцияда ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг руҳига ҳурматсизлик деб атади.
Ўз навбатида, Трамп ҳақида ҳам шунга ўхшаш сафсата тарқалди. Интернетда коронавирус юқтиргач, одамлар олдига чиққан Трамп ҳақиқий эмаслиги, уни қиёфадоши билан алмаштириб қўйишгани ҳақида гаплар пайдо бўлди. Бу фаразнинг «исботи» сифатида Трампнинг касалхонага тушгандан олдинги ва кейинги суратлари таққосланди. Албатта, кўпчилик буни ҳазил сифатида қабул қилди, лекин унга ишонганлар ҳам бор эди.
Дарвоқе, сайлов кампаниясида қиёфадош қатнашгани борасида энг машҳур можаро 2018 йил Нигерияда содир бўлганди. Ўшанда амалдаги президент Муҳаммад Бухорий вафот этгани ва унинг ўрнига қиёфадоши одамлар олдига чиқаётгани ҳақида гаплар шунчалик кўпайиб кетгандики, оқибатда президент одамлар орасига кириб, «Ишонинг, мен ҳақиқийман», дейишга мажбур бўлганди. Трамп эса ҳозирча ўзининг ҳақиқийлигини исботлашга мажбур бўлгани йўқ.
Мавзуга оид
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
09:02 / 20.11.2024
Қайта сайланмаслик эркинлиги: Байден Киевга қўйилган чекловларни бекор қилмоқда
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024