Ўзбекистон | 14:12 / 21.10.2020
14973
4 дақиқада ўқилади

Хуфёна иқтисодиёт 8 триллион сўмга яқин маблағлар давлат бюджетига тушмай қолишига сабаб бўляпти – Солиқ қўмитаси

Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун юзасидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев сўзга чиқди.

Муҳокамалар давомида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев солиқ органлари томонидан ўтказилаётган текширишларнинг салмоғи қанча, текширишларнинг камайиши ҳисобига солиқ тушумларининг миқдорига салбий таъсир бўляптими ёки йўқми дея берилган саволга жавоб берди.

«2020 йилнинг 1 январидан янги Солиқ кодекси кучга кирди. Янги Солиқ кодексига асосан ҳар қандай текширувлар таҳликали таҳлил дастури асосида амалга оширилади.

Олдинги текширишлар билан янги тизимнинг фарқи нимада деганда, олдин ҳар уч йилда корхоналар рўйхати шакллантириларди. У мажбурий текшириларди. Солиқ органлари томонидан тадбиркорларга хатоси бўлмаса ҳам хато қидиришга мажбур бўларди. Хатосиз келса, у яхши солиқ органи ҳисобланмасди.

Янги тизимнинг энг асосий мақсади – тадбиркорларни жазолаш эмас. Тадбиркорларга кўмак бериш, уларнинг хато, камчиликларини кўрсатиб, уни бартараф этиш», деди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари.

Мубин Мирзаев хуфёна иқтисодиёт улуши ҳақида гапирди.

«Ҳақиқатан ҳам бизда хуфёна иқтисодиётнинг улуши катта. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ЯИМга нисбатан деярли 49 фоизга яқин хуфёна иқтисодиётни ташкил этяпти. Бунинг натижасида деярли 8 триллион сўмга яқин маблағлар давлат бюджетига тушмай қоляпти.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида камерал назорат натижасида биргина йирик солиқ тўловчилардан деярли 6 триллион сўмга яқин маблағларни камерал натижасида ҳисоблаб, хато-камчиликларни солиқ тўловчиларга кўрсатиб бердик ва уларнинг 30 фоизи, яъни 2 триллион сўмга яқин маблағлар улар томонидан бартараф этилиб, давлат бюджетига тўлаб берилди. Биз 9 ойлик натижаларга кўра, давлат бюджетига деярли 73 триллион сўмдан ортиқ маблағларни ундириб, давлат бюджетига туширтириш имкониятига эга бўлдик», деди у.

Таъкидланишича, мазкур қонун билан амалдаги 11та қонун ва 2та кодекс талаблари Солиқ кодексига мослаштирилмоқда.

Жумладан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги каби қонунлар ва Бюджет кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг амалга киритилиши тадбиркорлик субъектлари учун қатор қулайликларни яратмоқда.

Хусусан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритилиб, тадбиркорлар ва фермер хўжаликларини текширишнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, текшириш талаби Солиқ кодексига мослаштирилмоқда.

Энди тадбиркорлик субъектларини текшириш «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Бундан буён солиқларнинг камерал текширувидан бошқа барча текширишлар электрон тизимда рўйхатга олинади.

Қонуннинг маъқулланиши амалда бир-бирига зид бўлган қонунчилик талабларига барҳам берибгина қолмай, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига қулайлик яратади ва хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид