Жамият | 22:38 / 22.10.2020
15911
3 дақиқада ўқилади

Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар яна ДТМ олдида йиғилди. Бу гал муаммо 3 кунда ҳал бўлиши айтилди

Ҳарбий хизматни намунали ўтаб, ОТМга киришда имтиёз олган 1800дан ортиқ абитуриент масаласи ҳамон ўз ечимини топмади. Бир гуруҳ абитуриентлар 22 октябрда ҳам ДТМ биноси олдига йиғилишди. Масъуллар уларнинг талаби 24 октябргача қондирилишини айтди.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, қўмондонлик тавсияномасини олган бўлса-да, ОТМга кириш имтиҳонларида бу имтиёзлари ҳисобга олинмаган абитуриентлар 22 октябрь куни яна Давлат тест маркази олдига йиғилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, абитуриентлар ушбу масалага Вазирлар Маҳкамаси эътибор қаратишини талаб қилмоқда. Турли вилоятлардан Тошкентга келган фуқаролар билан бу гал Ёшлар ижод саройи анжуманлар залида учрашув ташкил қилинди.

Учрашувда масъуллардан Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Диёрбек Қўчқоров, Давлат қабул комиссияси масъул котиби Шоҳрух Далиев ва бошқалар иштирок этди.

Муаммо шундаки, 1800 абитуриентнинг ҳарбий тавсиянома имтиёзи ОТМларга кириш имтиҳони учун тасдиқланмай қолган ва улар умумий квотадан ташқари 5 фоизлик квотага киритилмаган.

Норозилик билдираётган абитуриентларнинг аксари ўзи ҳужжат топширган ОТМларнинг «ҳарбийлар учун ўтиш балли»дан юқорироқ балл тўплагани, шунга қарамай талабаликка қабул қилинмаганини айтмоқда.

Улар октябрь ойининг дастлабки ҳафтасида ҳам ДТМ биноси олдида тўпланишганди. Аммо ўшанда айтилган муддатда натижалар эълон қилинмади.

22 октябрдаги учрашувда ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов мурожаатлар кўриб чиқилаётгани, 1800дан ортиқ абитуриентнинг ҳар бирига тегишли ҳужжатни ўрганиш вақт талаб қилишини таъкидлади.

Сардор Ражабов

Ражабовга кўра, шу кунга қадар 600дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, базага жойланган. Ҳамма мурожаат ўрганиб бўлингач, эълон қилиниши кутилмоқда.

Қатор мурожаатчилар шу масала сабабли ўз вилоятларидан бир неча марта пойтахтга келишга мажбур бўлишаётгани, айримлари йўлкиранинг ўзига 2 млн сўм сарфлаганини айтишди. Улар мутасаддилардан натижаларни шу куннинг ўзида эълон қилишни сўрашди.

Давлат қабул комиссияси масъул котиби Шоҳрух Далиев муаммо 24 октябрь, шанба кунигача ҳал қилиниши, ҳар бир мурожаатчи телефон орқали хабардор қилинишини маълум қилиб, абитуриентлардан шу муддатгача сабр билан кутишларини сўради.

«Бугунги пандемия пайтида йўлкирага пул сарфлаш осонмаслигини биламан. Шунинг учун ҳар бир абитуриентга ўзимиз хабар берамиз. Шахсан ўзим бораман Давлат тест марказига», – деди Давлат комиcсияси масъул котиби.

Шоҳрух Далиев

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрда абитуриентлар билан мулоқотда бўлган ДТМ директори Мажид Каримов масала «узоғи 3-4 кунда» ҳал бўлишини айтган.

«Агар баллингиз тортилган чизиқдан тепада бўлса, ҳаммангиз талаба бўласиз. Қабул комиссияси раисининг шахсан ўзи (Абдулла Арипов – таҳр.) қўшимча квота берилишини ва ҳарбий имтиёзи тасдиқланадиганларнинг талабаликка қабул қилинишини айтган. Бундан олдин талаба бўлганлар ҳам чизиқдан пастга тушиб кетмайди», – деган Мажид Каримов.

Мавзуга оид