Ўзбекистон | 20:05 / 22.10.2020
3042
3 дақиқада ўқилади

«Нарх-наво барқарорлиги сақланади» – Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши сессияси ўтказилди

22 октябрь куни Урганчда халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди. Унда президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь кунги селекторда берган топшириғига асосан, 2020 йил якуни ва 2021 йил май ойигача озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Хабар қилинишича, сессияда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов сўзга чиқиб, вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан гўшт, картошка, гуруч, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят давлат солиқ бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиқлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлари ташкил этилганини маълум қилди.

Эрманов вилоятдаги 1,9 млн аҳолининг 2020 йил ноябрдан 2021 йил майгача озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ҳақида маълумот берди. Унга кўра, ушбу даврда аҳоли учун 26,2 минг тонна мол ва қўй гўшти, 13,9 минг тонна парранда гўшти, 6,6 минг тонна балиқ, 49,2 минг тонна картошка, 9,2 минг тонна гуруч, 73,1 минг тонна ун, 10,3 минг тонна шакар, 194,7 млн дона тухум, 8,5 минг тонна ўсимлик ёғи, 6,3 минг тонна пиёз ва 18,3 минг тонна сабзи талаб этилади.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, аҳолининг тухум, балиқ, гуруч, сабзи ва шакар маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ички имкониятлар ҳисобидан; пиёз маҳсулотини қисман бошқа вилоятлардан олиб келиш ҳисобига; гўшт, парранда гўшти, картошка, ун ва ўсимлик ёғи эса импорт ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан, аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси» тузилди.

Жамғарма маблағлари маҳаллий бюджет даромадлари прогнозининг ошириб бажарилган қисмидан, ҳокимлик муассислигида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ажратмаларидан, тижорат банкларининг кредитлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг маблағларидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ҳайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

«Вилоятда танқис маҳсулотларни харид қилишга жами 131,9 миллиард сўм талаб этилади. Шундан 6,2 миллиард сўм маҳаллий бюджетдан, шу жумладан 1,5 миллиард сўм ҳокимлик жамғармаси ҳисобидан, 38,5 миллиард сўм кредит ва 87,2 миллиард сўм тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан қопланади.

Аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида тизимли ишларни ташкил этдик, бозорларда нарх-навонинг асоссиз ўсишини олдини олиш бўйича зарурий чора-тадбирларни белгилаб олдик», – деб маърузасини якунлади Фарҳод Эрманов.

Маълум қилинишича, сессияда Хоразм вилояти масъуллари ва жамоатчилик вакилларидан ташқари, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов ҳам иштирок этган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид