Янги технологиялар сабабли 5 йил ичида 85 миллион киши ишсиз қолиши мумкин
Технологиялар дунёни ва меҳнат бозорини ўзгартирмоқда. Янги технологиялар дунёда 85 млн кишини ишсиз қолдириши мумкин. Бироқ кейинги 5 йил ичида технологиялар ривожланиши ҳисобига махсус малакаларни талаб қилувчи янги иш ўринлари пайдо бўлиши мумкин.
Дунёнинг 26 та давлатида 2025 йилгача янги технологиялар татбиқ қилиниши сабабли 85 млн киши ишсиз қолиши мумкин. Шу билан бирга янги технология ва алгоритмлар татбиқ қилиниши ҳисобига шу давр ичида 97 млнта янги иш ўрни пайдо бўлиши мумкин.
Бундан Жаҳон иқтисодий форумининг The Future of Jobs 2020 (Иш ўринларининг келажаги 2020) деб номланган маърузаси дарак бермоқда. Маъруза форумнинг турли соҳаларда фаолият юритувчи 300 та йирик компания бошқарувчилари ўртасида ўтказган сўровномаси асосида тузилган.
Юқоридаги рақамлар одамлар робот ёки махсус дастурлар билан шунчаки алмаштирилишини англатмайди. Бироқ инсон ва машина меҳнати нисбати ўзгаради.
Форум экспертларининг таъкидлашича, иш берувчилар маънан эскирган вакансияларни фаол равишда ёпиб, давр талабларига жавоб бермайдиган ходимларни ишдан бўшата бошлайдилар. Шу билан бирга иш ўринлари алгоритмлар билан биргаликда самарали ишлай оладиган одамлар ҳисобига кўпаяди.
Сўровномада иштирок этган 42 фоиз компания 2025 йилгача янги технологиялар сабабли иш ўринларини қисқартиришни, 41 фоизи махсус ишларни бажариш учун пудратчилардан кенг фойдаланишни, 34 фоизи ишчилар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда.
Янги технологиялар киритилиши билан кейинги 5 йил ичида 40 фоиз ходимлар қайта малакалашдан ўтишига тўғри келади. Компаниялар ўз ходимларини қайта малакалашига катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Бироқ иш берувчиларнинг аксарияти бу жараённинг харажатлар ва кейин берадиган самара нуқтайи назаридан самарали эканини англашмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, пандемия даврида онлайн-ўқишга талаб 4 марта ошган. Ҳозирда банд бўлган одамлар шахсий малакаларни ошириш учун тобора кўпроқ онлайн-курслар излашмоқда. Ишсиз одамлар эса рақамли технологиялар, маълумотлар таҳлили, информатика ва ахборот технологияларини ўрганишни устувор қўймоқда.
Мавзуга оид
20:03 / 08.11.2024
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
20:34 / 30.10.2024
Европада сунъий интеллект сабаб миллионлаб иш ўринлари хавф остида қолмоқда
19:39 / 29.10.2024
Apple М4 чипли янги iMac компютерини тақдим қилди
18:50 / 21.10.2024