Технология | 17:57
677
3 дақиқада ўқилади

Amazon Leo сунъий йўлдош интернети Ўзбекистонда ишга туширилади

Мижозлар телекоммуникация инфратузилмаси чекланган ёки мавжуд бўлмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари ҳамда ҳудудларда ҳам тезкор интернет хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Фото: PCMag

Amazon Leo (АҚШ) компанияси ҳамда «УЗ-САТ» қўшма корхонаси ўртасида Ўзбекистон ҳудудида юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернет хизматларини тарқатиш бўйича келишув имзоланди, деб хабар берди Рақамли технологиялар вазирлиги. Қайд қилинишича, ҳужжат бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган.
Таъкидланишича, Amazon Leo сунъий йўлдош алоқа тармоғи юқори тезликдаги интернетга уланиш хизматларини тақдим этади. Ушбу хизматлардан фойдаланувчилар нафақат шаҳар ҳудудида, балки телекоммуникация инфратузилмаси чекланган ёки мавжуд бўлмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари ҳамда ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот берилишича, мижозлар тармоққа Amazon Leo Nano, Amazon Leo Pro ва Amazon Leo Ultra каби юқори самарадорликка эга ихчам антенналар орқали уланиб, дунёнинг деярли исталган нуқтасида юқори тезликдаги кенг полосали интернет хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Nano қурилмаси оддий фойдаланувчига мўлжалланган, чунки у тармоққа 100 Мбит/с тезликда кириш имконини беради. Ultra эса аслида саноат антеннаси бўлиб, уни қўллаш орқали янада юқори уланиш тезлигини таъминлаш мумкин: 1 Гбит/с даражасида. Шундай қилиб, ҳам фуқароларнинг, ҳам йирик корхоналарнинг эҳтиёжларини қондиришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Amazon Leo билан алоқаларни йўлга қўйган минтақадаги биринчи давлат эмас. Ўтган йилнинг сентябрь ойида АҚШ алоқа оператори Қозоғистонда хизмат кўрсатишни бошлаши, у ерда «Қазақтелеком» компанияси америкаликларнинг эксклюзив ҳамкори бўлиши ҳақида хабар берилган эди.
Amazon Leo лойиҳаси (аввалги номи Kuiper) - дунёнинг исталган нуқтасида юқори тезликдаги кенг полосали интернетдан фойдаланишни таъминлаш учун паст Ер орбитасида жойлаштирилган 3 мингдан ортиқ сунъий йўлдошлардан иборат тармоқ. Amazon корпорациясининг ушбу йўналишни ривожлантиришга инвестициялари 10-20 миллиард долларга баҳоланмоқда. Лойиҳа Илон Маскнинг Space Х компанияси Starlink сунъий йўлдош тармоғининг асосий рақобатчиси ҳисобланади. Starlink аллақачон Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда расман иш бошлаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид