Жаҳон | 18:26 / 22.10.2020
5351
2 дақиқада ўқилади

Япон тадқиқотчилари ниқоблар коронавирусдан ҳимояланишда фойдали эканини исботлашди

Япониялик олимлар тадқиқоти шуни кўрсатдики, ниқоблар ҳаводаги коронавирус зарраларидан ҳимоя қила олади, лекин профессионал даражадаги қопламаларга эга ниқоблар ҳам юқтириш хавфини юз фоизга бартараф эта олмайди.

Токио университети олимлари манекен бошларини бир-бирига қаратган ҳолда камералар билан жиҳозланган ёпиқ бўлма ташкил этишди, деб хабар бермоқда Reuters.

Фото: The Institute of Medical Science, University of Tokyo via REUTERS

Тажрибада махсус жиҳозланган битта манекен йўтал симуляцияси билан ҳақиқий коронавирус зарраларини чиқариб юборди. Иккинчи манекен нафас олишни тақлид қилиб, ҳаво йўли орқали кириб борадиган инфекцияларни махсус бўлинмачага жойлади.

Тажрибада пахта ниқоб таққан ҳолда вирусни юқтириш даражаси ниқобсиз ҳолатдагига таққослаганда 40 фоизгача камайган.

Тиббий мутахассислар томонидан ишлатиладиган Н95 ниқоби эса вирусни 90 фоизгача тўсиб қўйган. Бироқ Н95 ниқоб тақилганда ҳам баъзи вирус зарралари иккинчи манекендаги махсус бўлинмачага ўтгани кузатилган.

Йўталаётган манекенга ниқоб тақилганида, пахта ва жарроҳлик ниқоблари коронавирусларнинг 50 фоиздан ортиғини тўсиб қолган.

«Вирус қабул қилувчиси ҳам, вирус тарқатувчиси ҳам ниқоб кийиши ижобий таъсир кўрсатади», – дея хулоса қилган тадқиқотчилар чоршанба куни чоп этилган мақолада.

Япониялик тадқиқотчиларнинг бошқа бир гуруҳи эса комьпютер симуляцияларидан фойдаланиб, намлик даражаси вирус зарраларининг ҳавога тарқалишига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини исботлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид