Жамият | 15:48 / 23.10.2020
4625
3 дақиқада ўқилади

ДТМ директорининг абитуриентлар билан суҳбати аудиоси эски экани маълум қилинди

ОТМга кириш имтиҳонларида қўмондонлик тавсияномалари инобатга олинмаган бир гуруҳ абитуриентлар 22 октябрда Давлат тест маркази олдига йиғилган эди. Айни шу куни ижтимоий тармоқларда марказ директори Мажид Каримовнинг абитуриентлар билан мулоқоти акс этган аудиоёзув пайдо бўлди.

Аудиодан маълум бўлишича, Мажид Каримов имтиёзи ҳисобга олинмай қолган абитуриентлар етарли балл тўплаган бўлса, ҳеч қандай муаммосиз талабаликка тавсия этилиши, бунинг учун «яна озгина кутиб туришлари кераклиги», хатоликни тўғрилаш бўйича ишлар «узоғи 3-4 кунда тугаши»ни айтган.

22 октябрь куни ДТМ матбуот хизмати ушбу аудиоёзувдаги овоз эгаси марказ директори эканини Kun.uz'га тасдиқлаган эди. 23 октябрда ташкилот матбуот хизмати таҳририятга ушбу аудио 8 октябрда ёзиб олингани, абитуриентлар билан 22 октябрдаги учрашувда ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов қатнашганини маълум қилди.

Таъкидланишича, тавсияномаси инобатга олинмай қолган абитуриентларнинг имтиёзи 8 октябрдаги «ўша учрашувдан кейиноқ» тасдиқланиб, Қабул комиссиясига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳарбий тавсияномалари инобатга олинмай қолган абитуриентлар сони 1800дан ошади. Давлат тест маркази ушбу хатоликка алоқадор эмаслиги, марказ абитуриентлар кўрсатган тавсияномаларни белгиланган тартибда ҳақиқийлигини текшириш учун тегишли вазирликларга тақдим этгани, улар эса 1800дан ортиқ абитуриентнинг тавсияномасини тасдиқлаб бермагани, натижада ДТМ бу абитуриентларни 5 фоизлик алоҳида квотага киритмаганини билдирган.

Бир гуруҳ мурожаатчилар билан 22 октябрда бўлган учрашувда Давлат қабул комиссияси масъул котиби Шоҳрух Далиев муаммо 24 октябрь, шанба кунигача ҳал этилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Давлат қабул комиссияси баёни шанба куни имзоланиши кутилмоқда, қайдномалар («ведомость») тайёр турибди. Бунда ДТМга танлов қайдномаларини ОТМларга етказиш ва интернет орқали эълон қилиш топшириғи қўйилган.

Далиев ҳар бир абитуриентга алоҳида телефон қилиниб, натижадан хабардор қилиниши, бу жараёнда шахсан ўзи ҳам Давлат тест марказида бўлишини қўшимча қилди.

Мавзуга оид