Коронавирус: КХДР ҳукумати аҳолини «Хитойдан келаётган хавфли сариқ чанг»дан огоҳлантирди
КХДР телевидениеси чоршанба куни кечқурун мамлакат аҳолисига қўшни Хитой давлатидан шамол орқали сариқ чанг кириб келиши муносабати билан кўчага камроқ чиқиш бўйича тавсия берди. Ҳукумат бу оқим орқали коронавирус ҳам юқиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Пайшанба куни Пхеньян кўчалари деярли бўшаб қолди.
Шимолий Корея - Ер юзидаги энг ёпиқ давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу давлат ўз вақтида чегараларни ёпгани ва фуқаролар ҳаракатини чеклагани туфайли Covid-19 кириб келишига йўл қўймагани айтилади. Мамлакатда январь ойидан буён юқори шайлик режими амалда бўлиб турибди.
Ҳаводаги чанг ва коронавирус орасидаги боғлиқлик ҳақида илмий далиллар мавжуд эмас.
Минтақа учун мавсумий чанг бўронлари одатий ҳолат. Хитой ва Мўғулистонга хос бўлган сариқ тупроқ осонлик билан майда зарраларга ажралади ва шамол эсган вақтда ҳавога кўтарилиб, одамларнинг кўз ва бурунларига қум тўлади.
Осиёдаги яна бир давлат Туркманистонда ҳам ҳукумат «зарарли чанг»дан ҳимоя учун аҳолига ниқоб тақишга кўрсатма берганди.
Тахминларга кўра, Туркманистонда одамлар ниқоб тақиши сабаби коронавирус тарқалиши билан боғлиқ, аммо ҳукумат мамлакатга Covid-19 кириб келмаганини айтишда давом этмоқда.
«Зарарли вирус ҳужуми»
КХДР марказий телевидениеси чоршанба куни яқин кунлар учун об-ҳаво прогнозида чанг бўрони ҳақида огоҳлантирди. Алоҳида фармойиш билан мамлакатда очиқ осмон остидаги барча қурилиш ишлари тўхтатилди.
Шимолий Кореяда ҳам, Жанубий Кореяда ҳам ғарбдан келувчи чанг оқимини кўпинча Хитой саноат корхоналаридан чиқувчи зарарли газлар билан адаштириб юборишади ва «бу табиат ҳодисаси» инсонлар ҳаёти учун хавф туғдиради.
Пайшанба куни Шимолий Корея Компартиясининг асосий органи «Нодон синмун» барча меҳнаткашларни чанг булути орқали келадиган вирус ҳужумидан огоҳ бўлишга чақирди.
Бундай огоҳлантириш Пхеньяндаги хорижий элчихоналарга ва халқаро ташкилотларнинг офисларига ҳам юборилган.
Дипломатларга имкон қадар кўчага чиқмаслик ва деразаларни маҳкам тамбалаш тавсия қилинган.
Чанг бўрони Covid-19 тарқатиши мумкинми?
Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари коронавирус ҳаво йўл орқали тарқалишига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини уқтирмоқда.
АҚШ касалликларни назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, коронавирус ҳавода бир неча соат давомида сақланиб туриши мумкин. Шу билан бирга, айниқса очиқ осмон остида одамлар ёки юзалар билан контактда бўлмасдан вирус юқиши эҳтимоли деярли йўқлиги айтилади.
Covid-19 асосан касалланган бемор билан алоқа туфайли юқади, вирус тарқатувчи гапирганида, йўталганида ва аксирганида киши кўзига кўринмас томчилар орқали вирус юқтиради.
Жанубий Кореядаги нашрлар ҳам Хитойдан келувчи сариқ қум коронавирус тарқатиши эҳтимоли йўқлигини ёзмоқда.
КХДРда коронавирус йўқлиги ҳақидаги расмий баёнотларга қарамасдан, ҳукумат бу муаммога жиддий эътибор қаратмоқда. Мамлакат раҳбари Ким Чен Ин доимий равишда бу масала бўйича юқори даражада йиғилишлар ўтказиб туради ва ижтимоий масофа сақлаш чораларига қатъий амал қилишни талаб қилади.
Экспертлар мамлакатда бирорта ҳам бемор йўқлиги ҳақидаги маълумотларга ишончсизлик билан қарашади.
Жума куни Корея яримороли осмони чанг булутидан тозаланди, синоптикларнинг прогнозларига кўра, дам олиш кунларида булут бўлиши кутилмаяпти.
Мавзуга оид
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
11:22 / 12.11.2024
Шимолий Кореядан қочганлар РФдаги КХДР кучлари орасида дезертирликка эришмоқчи
10:41 / 12.11.2024
КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
20:11 / 10.11.2024