Иқтисодиёт | 20:56 / 23.10.2020
38114
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2020 йилда етиштирилган пахта хомашёсининг минимал нархлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4633-сон «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, пахта хомашёсининг минимал нархларини эълон қилиб бориш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 5 майдаги ПФ-5989-сон «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши қайд этилган.

Жорий йилнинг 23 октябрь ҳолатига Нью-Йорк товар биржаси январь-октябрь ойларида 1 тонна пахта толасининг (Strict Low Middling) ўртача фьючерс котировкалари АҚШнинг (Гальвестон, Хьюстон, (Техас штати), Мемфис (Теннеси штати), Янги Орлеан (Луизиана штати)) портларига етказиб бериш шарти билан 1375,7 АҚШ долларини ташкил этди. 

Жаҳон бозорида шаклланган нархлар, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар ва фермер хўжаликларининг, юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ масъул этиб белгиланган вазирлик ва идораларнинг таклифларини, шунингдек, пахта хомашёсини қайта ишлаш, логистика ва бошқа тааллуқли харажатларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштирилган тўртинчи тип иккинчи нав биринчи синф 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 4522,5 минг сўмни ташкил этганини эълон қилади.

Ушбу минимал нархдан келиб чиққан ҳолда, пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида бошқа юқори ёки паст навли ва синфли пахта хомашёсининг нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилашади. 

Мавзуга оид