Жаҳон | 16:23 / 23.10.2020
74794
1 дақиқада ўқилади

Япон олимлари коронавируснинг яна бир салбий оқибатини маълум қилди

 Япониянинг Глобал соғлиқни сақлаш ва тиббиёт миллий маркази олимлари коронавирус инфекциясининг яна бир салбий оқибатларидан бири – соч тўкилиши эканлигини маълум қилди.

Фото: AFP

Мутахассислар 2020 йилнинг февраль-июнь ойлари давомида коронавирусдан соғайиб чиққан беморлар ўртасида сўровнома ўтказди. Тадқиқотда ўртача 48 ёшлар атрофидаги 63 киши қатнашди. Сўровнома натижаларига кўра, тузалганидан 4 ой ўтгач, қатнашчиларнинг 11 фоизи нафас қисишида, 10 фоизи безовталик ва ҳид билишда, 6 фоизи йўтал тутишида ва яна 2 фоизи таъм билишда муаммоларга дуч келаётганини айтган.

Икки ойдан кейин ўтказилган қўшимча изланишларда эса қатнашчиларнинг деярли тўртдан бири: 9 нафар эркак ва 5 нафар аёл алопеция – соч тўкилишидан азият чекаётганини билдирган.

Тадқиқот муаллифларидан бири Синитиро Мориоканинг айтишича, соч тўкилиши коронавирусдан узоқ вақт давомида даволаниш оқибатида келиб чиқадиган стресслардан бўлиши мумкин.

Шунингдек, олимлар ёз ойларида коронавирус билан касалланган беморлар ҳам ушбу муаммо билан тўқнаш келганига эътибор қаратишди. Июль ойида Ҳиндистон университети тиббиёт факультети мутахассислари олиб борган сўровномада қатнашган 1567 кишидан 423 нафари соч тўкилишидан шикоят қилган.

Мавзуга оид