Оқсоқлар класикоси. «Барселона» ва «Реал» жар ёқасида
Европада дам олиш кунларидаги асосий ўйин бу сафар омон қолиш учун курашга айланади.
Мадриддаги ҳалокат
«Реал» ва «Барселона» иккиси бир вақтда класикога ҳозирги каби ёмон ҳолатда етиб келиши яқин орада кузатилмаганди. Сўнгги ўн йиллик давомида класиколар арафасида у ёки бу жамоада кичик инқироз бўлиши ҳам жуда кам рўй берган. Масалан, «Барса» 2012/13 йилги мавсумда, жамоанинг ўша вақтдаги мураббийи Тито Виланова оғир касал бўлганида шундай ҳолатда эди. Ёки «Реал» Рафа Бенитес даврида ва ундан кейин қийин аҳволда қолганди. Ёки, айтиш мумкинки, шу йил мартида ҳам кўпчилик каталонияликларнинг аҳволига ачиниб қараётганди. Аммо бу сафар икки рақиб ҳам чўлоқланмоқда...
«Реал» билан барчаси тушунарли. Чемпионлар лигаси стартида «Шахтёр»нинг аралаш таркибига Мадридда мағлуб бўлиш фалокат. Буни ҳис қилиш учун Marca нашри сайтига кириш етарли, «қаймоқранглилар»га мойил бўлган бу нашр танқидий руҳдаги материаллар билан тўлиб-тошган. «Тўлиқ ҳалокат», «қўрқинч», «номуносиблик», «номаъқулчилик» — шундай эпитетларга тез-тез кўз тушиши мумкин. Колумнист Карлос Карпио эса умуман ҳеч кимни аямаган: «Зинедин Зиданнинг ихтиёрида ёмон тайёрланган, ҳеч қандай иштиёқсиз ва бирор тактик қарорга эга бўлмаган жамоа бор. Тезлиги ва эҳтироси йўқ «ёғ босган» футболчилар».
Футболчилар орасида энг кўп танқидга учрагани Марсело бўлди. Marca ўз ўқувчиларидан «Шахтёр»га қарши ўйинда майдонга чиққан футболчиларга баҳо беришни сўради, айнан бразилиялик ҳимоячи энг кўп дислайк олди — 12 мингдан ортиқ, унинг ўйинини фақат 1300 киши ижобий баҳолаган. «Ҳимояни унга ишониб бўлмайди. БЎЛМАЙДИ. Иккинчи бўлимда ҳужумда бир неча муваффақиятли ҳаракатлар бўлди, аммо Марсело ҳозир ўзининг энг яхши йилларидаги формасидан анча йироқда», — дейилади Marca материалида.
Жамоа ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Ла Лига дебютанти «Кадис» қаршисида иложсиз аҳволга тушиб енгилганди — 0:1.
Рамоснинг роли
«Шахтёр» билан ўйинда Зидан класико ҳақида ўйлаётгани кўриниб турарди, у Бензема ва Кроосни шунинг учун захирада қолдирди — улар фақат иккинчи бўлимда ўйинни қутқариб қолиш зарур бўлганида чиқишди. Улар шанба куни «Камп Ноу»даги ўйинда бошланғич таркибда бўлиши кутилмоқда.
Француз ва немис футболчилари ҳозирги «Реал» ўйинида муҳим аҳамиятга эга футболчилар саналишади, айниқса Бензема, аммо бу жамоада барчадан ҳам муҳим фигура — Серхио Рамосдир. «Қаймоқранглилар» сардори «Кадис»га қарши ўйинда тиззасидан жароҳат олганди, усиз ҳимоя бутунлай хароб аҳволга келиши яна бир бор ўз исботини топди. «Шахтёр»га қарши ўйин Варан ҳимоя етакчиси бўлишга лаёқатсизлигини кўрсатди. Визуал таассуротни рақамлар ҳам тасдиқлайди — Рамос йўқлигида «Реал» Европа майдонларида саккиз ўйиндан еттитасида ютқазган. Класико эса — ҳатто Чемпионлар лигаси ўйинидан ҳам юқорироқ мақомга эга.
Рамос майдонда ва майдон ташқарисида ўзини тутиши билан ҳурматга сазовор. Нолинчи йиллар бошидаги узунсочли йигитча бугунги кунда модалар ҳақидаги нашрларнинг юзини безайди. Серхио майдонда ҳам шунчаки ўнг қанот ҳимоячисидан аҳамияти рақамлар кўрсатаётганидан ҳам юқорироқ бўлган футболчига айланди.
Сўнгги хабарларда Рамос «Барселона»га қарши ўйинга тайёрлиги айтилмоқда. У майдонга тушиши бўйича прогнозлар турлича, аммо у «қаймоқранглилар» учун ҳозир ҳар қачонгидан муҳим. Бир ҳафта ичида қаторасига уч ўйинда мағлуб бўлиш «Реал» учун мумкин эмас.
«Хетафе» «Барселона»дан яхшироқ бўлган вақт
Шу билан бирга, «Барселона»ни ҳам бу ўйинда фаворит деб бўлмайди. ЕЧЛда «Ференцварош» йирик ҳисобда тор-мор этилиши (5:1) — бу, албатта, зўр, аммо рақиб жуда кучсиз эди. Венгрлар 1990-йиллардаги каби ўйнай олишмайди, улар «Камп Ноу»да Чемпионлар лигаси мадҳиясидан кейин довдираётгандек кўринишарди, улар майдонда Месси, Пике ва Гризманнинг ҳаракатларини кузатиш учун тушишгандек эди. Ўтган турда «Хетафе»га қарши ўйин (0:1) эса кўпроқ нарсани очиб берганди. Мадрид атрофидаги ҳудуд жамоаси каталонияликларни зарбалар сони бўйича — 9га қарши 7, аниқ зарбалар сони бўйича — 5га 2 ортда қолдиришди. Бурчак зарбалари бўйича устунлик ҳам улар томонида бўлди — 7га қарши 2.
Бу мағлубиятни оқлаши мумкин бўлган бир сабаб бўлиши мумкин, ФИФА кунларидаги танаффус ҳамиша «Барселона» учун оғир кечган, бу сафар Атлантика ортига фақат Месси бориб келган бўлсада (аввал Суарес ва Неймар унга шерик бўларди). Аммо бу ҳам ўзига яраша бир сабаб.
Месси ўйиндан гол урадими?
Месси мавсумнинг дастлабки беш ўйинида икки гол урди. Иккисини ҳам пенальтидан. 27 сентябрь куни «Вильярреал»га қарши ўйинда — бу кўк-анорранглиларнинг Ла Лигадаги илк ўйини эди ва Чемпионлар лигасида «Ференцварош»га. «Барса» бу ўйинларда жами 13 гол урган. Жуда зўр статистика эмас.
Қолаверса, аргентиналик футболчи учта голли узатма муаллифи бўлди — «Вильярреал», «Сельта» ва «Ференцварош» билан ўйинларда. Месси жамоанинг 13 голидан 5 голида иштирок этган — бу 39 фоизлик кўрсаткич.
«Барса» учун сардор майдонда бўлиши муҳим. Роналд Куман Мессини марказий ҳужумчи позициясига қўймоқда — бу Лео сўнгги йилларда ўйнаган позициядан олдинроқ. «Хетафе» билан ўйинда бош мураббий аргентиналик футболчини ҳужумнинг ўнг қанотига — у «Барселона»да Пеп Гвардьола даврида ҳаракатланган нуқтага қўйди. Бу кутилганидек ўзини оқламади. Шундай экан, Месси марказга қайтади. У энди ўйиндан ҳам гол уриши ва барча гап-сўзларга чек қўйиши керак, класико эса — бу учун идеал ўйин.
Умуман, шанба куни «Камп Ноу»да пайдо бўладиганлар ўзларининг нималарга қодирлигини кўрсатиши керак бўлади. Оқсоқлар класико жуда томошабоп ўйинга айланиши тайин.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024