Ўзбекистон | 11:12 / 26.10.2020
3713
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитойдан йиллик инвестициялар ҳажмини 5 млрд долларга етказишни режалаштиряпти

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Хитой ва Корея Республикаси билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

Хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, уларни амалга ошириш таҳлил қилинди. Ҳозирги вақтда амалга ошириш жадвалидан ортда қолаётган бир қатор лойиҳалар батафсил кўриб чиқилди, муаммоларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик белгиланган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда яқин идоралараро кооперацияни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва идораларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат махсус ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида топшириқ берилди. Мазкур ишчи гуруҳнинг вазифаси хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан лойиҳа ва ташаббусларни имплементация қилишни жадаллаштириш бўйича амалий ишларни олиб бориш бўлади.

2025 йилга бориб Хитойдан олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 млрд долларга, Корея Республикасидан эса 1 млрд долларга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2025 йилга бориб Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 млрд долларни, Корея Республикасига эса камида 800 млн долларни ташкил этиши керак.

Муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўрганиш, уларни жадал, сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган “Йўл хариталари”ни тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилди.

Мавзуга оид