Ўзбекистон | 13:32 / 26.10.2020
6571
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги инвестицион лойиҳалар ҳолатини ўрганди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бош иншоотида «Пропан-бутан ажратиб олиш 1-, 2- ва 5-қурилмаларини модернизация қилиш» инвестиция лойиҳаси бўйича якуний босқичда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари билан танишди.

Лойиҳа бўйича ишлаб чиқилган техник ечимларга асосан, мавжуд пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларида табиий газ таркибидан пропан-бутан аралашмаларини ажратиб олишни оширишга қаратилган модернизация ишлари амалга оширилмоқда.

Натижада, йилига қўшимча умумий 61,0 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиз аҳолиси, коммунал соҳа ва саноат эҳтиёжлари талабини қондиришга йўналтирилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун Украинанинг «Сумское НПО», Россиянинг «КМПО», «НИПИ НГ ПЕТОН», «Электростандарт-прибор», Швейцариянинг «Endress+Hauser» ва бошқа чет эл компаниялари билан бир қаторда «Ўзбеккимёмаш заводи» АЖ, «Uzpromarm» компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган технологик аппаратлар ва ускуналар етказиб берилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар лойиҳа бўйича етказиб берилаётган ускуналардан ва аппаратлардан фойдаланиб, лойиҳада кўзда тутилган тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш билан суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида, қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмаси 2- ва 5-навбатларида сепараторлар ўрнатиш, деэтанизатор колоннаси ички элементлари ўрнига янги «Петон» контакт элементларини ўрнатиш, бошқарув клапанларини алмаштириш, метанол пуркаш тизимини монтаж қилиш ҳамда бошқа технологик ечимлар бўйича ишлар бажарилди.

Бугунги кунда республика истеъмолини ва куз-қиш мавсумида аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси топшириғига асосан қурилмаларни тезкорликда ишга тушириш юзасидан технологик ечимлар ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Етказиб берилган технологик аппаратлар ва ускуналарни ўрнатиш, цехлараро асосий қувурларни монтаж қилиш ишлари 98 фоизга бажариб бўлинган.

Лойиҳага кўра, бир қатор технологик қурилмаларда ишга тушириш олди созлаш ишлари ва асосий технологик қувурларни улаш ишлари амалга оширилмоқда. Қурилиш-монтаж ишларини тўлиқ якунлаб лойиҳани қисқа муддатда ишга тушириш учун Бошқарув раиси томонидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди, ишлаб чиқариш ва қурилиш монтаж ишлари билан боғлиқ бўлган муаммоли масалаларнинг ечими юзасидан масъул ходимларга кўрсатмалар берилди.

Бош пудратчи «Муборакнефтгазмонтаж» АЖ томонидан монтаж ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Бошқарув раиси томонидан лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш ва куз-қиш мавсумида аҳоли ҳамда иқтисодиёт эҳтиёжларини қўшимча суюлтирилган газ билан таъминлаш чораларини кўриш кераклиги таъкидлаб ўтилиб, яна бир бор масъул раҳбарларга карантин чекловлари бекор қилинмагани, балки юмшатилганини ёдда тутиш лозимлиги, унга қатъий амал қилган ҳолда лойиҳа доирасидаги ишларни ташкил этиш вазифалари берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид