Жаҳон | 08:00 / 27.10.2020
5593
2 дақиқада ўқилади

Австралияда дунёдаги энг катта қуёш фермаси қурилади 

Австралияда 20 млрд долларга 10 ГВтлик қуёш фермаси қурилади. Newcastle Waters деб номланадиган ушбу фермада ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг учдан икки қисмини Сингапурга экспорт қилиш режалаштирилган. 

Sun Cable компанияси қуёш панеллари асосидаги дунёдаги энг катта электр станцияси қуришини эълон қилди. Станция Австралиянинг Дарвин ваа Алис-Спрингс шаҳарлари орасида жойлашади.

Лойиҳа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида тасдиқланишдан ўтса, станция 2023 йилдан қурилиши бошланади, 2026 йилда ишга туширилади, 2027 йилдан эса Сингапурга электр энергия етказа бошлайди.   

Sun Cable бош директори Дэвид Гриффиннинг таъкидлашича, электр станцияни фазодан кўриш мумкин бўлади.

“Станция қуриладиган жой бежиз танланмаган – қуёш фермаси темир йўл станцияси яқинида ва шосседан 30 км узоқликда қурилади, бу эса логистик вазифаларни ҳал қилишни осонлаштиради”, деб таъкидлаб ўтган компания раҳбари.

Станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг учдан бир қисми Дарвин шаҳри эҳтиёжи учун ишлатилиши режалаштирилган. Қолган қисми эса Сингапурга сув ости кабеллари орқали экспорт қилинади. Қуёш фермаси Сингапурнинг электр энергияга эҳтиёжининг 20 фоизини таъминлайди.

Станция қурилиши Австралия ҳукумати ва австралиялик икки миллиардер - Майк Кэннон-Брукс ва Эндрю Форрест томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид