Ўзбекистон | 20:12 / 27.10.2020
8818
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференциялар хатловдан ўтказилади

Президент «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» фармон имзолади.

Фармон билан қуйидаги ҳужжатлар тасдиқланди:

  • Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати;
  • Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
  • Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати;
  • Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати;
  • Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати.

Молия вазирлигида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилмоқда.

2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференциялар хатловдан ўтказилиб, уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳаси Президенти Администрациясига киритиш белгиланди.

Худди шу муддатгача, трансформация қилинадиган ва корпоратив/молиявий аудит жорий этиладиган корхоналар фаолият юритадиган соҳаларда бозор муносабатлари тамойилларига тўлиқ ўтиш, рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий секторни жалб қилиш чоралари ишлаб чиқилади.

2021 йил 1 июлга қадар бу тоифадаги корхоналарнинг барча инвестиция лойиҳалари хатловдан ўтказилиб, бошланмаган ҳамда молиявий манбалари аниқ бўлмаган лойиҳалар тўхтатилади.

2021 йил 1 январга қадар «Ўзагросервис» ва «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятлари фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, уларнинг фаолиятини бозор тамойиллари асосида йўлга қўйиш ва соҳада хусусий секторни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид