Иқтисодиёт | 20:57 / 27.10.2020
5627
3 дақиқада ўқилади

Шакар заводидан бўшатилганларни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама этилмоқда – Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати «Ангрен шакар» МЧЖ ёпилиши ва ходимлар ишдан бўшатилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди.

Фото: ukrsugar.com

Маълум қилинишича, «Ангрен шакар» корхонаси 5 ойдан буён фаолият кўрсатмаяпти. Айни дамда 150дан ортиқ ишчи-ходим ишдан бўшатилган. Қолганлар билан ҳам келгусида корхона иш фаолияти тиклангач, қайта ишга олиш шарти билан меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда.

«Ижтимоий тармоқларда «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамияти томонидан ходимлар оммавий равишда ишдан бўшатилаётгани билан боғлиқ маълумотлар тарқалди. Мазкур ҳолат вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ва ОАВ вакиллари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Корхона иш фаолиятини тўхтатгани алоҳида ёндашувни талаб қилиши, боз устига, масаланинг моҳиятида бозор иқтисодиёти тамойиллари, чунончи, талаб ва таклиф қонуни турганини инобатга олиб, айни пайтда муаммонинг бу жиҳатига тўхталмаймиз. Биз бу ўринда, корхона фаолият олиб бормаган даврда унда меҳнат қилаётган 600 нафардан зиёд ишчи-ходимлар тақдири ҳақида сўз юритамиз.

Мазкур корхона қарийб 5 ойдан буён фаолият кўрсатмасдан келмоқда. Лекин шунга қарамасдан, шу вақтга қадар ишчи-ходимларга ойлик маош тўлаб келинган. Айримлари эса ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган.

Ҳозирги вақтга келиб, корхона томонидан ўзаро келишув асосида, яъни келгусида корхона иш фаолиятини тиклагач, қайта ишга олиш шарти билан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда.

Айни дамда 150дан ортиқ ишчи-ходим ишдан бўшатилган, уларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган. Ишдан бўшатишлар, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътиллари яна давом этиши мумкин.

Айни пайтда Оҳангарон шаҳар ва туман ҳокимлиги вақтинча ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича дастлабки режаларни муҳокама қилиб, таклифлар тайёрланмоқда. Бунда, асосан, саноат ва ишлаб чиқаришда маълум тажрибага эга бўлган ишчиларни ўз соҳасига яқин бўлган ишлаб чиқариш объектларига ишга жойлаштириш назарда тутилмоқда.

Бугун Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Миршоҳид Мирюнусов, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4-сектор раҳбари Анвар Мўминов мазкур корхонада бўлиб, ишчилар ва раҳбарлар билан суҳбатлашди.

Корхонадан бўшатилган ишчи-ходимларга 15 кун муддатда янги иш ўринлари таклиф этиш бўйича хулоса тайёрланаётгани ҳақида ахборот берилди», дейилади баёнотда.

«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» масъулияти чекланган жамиятлари оммавий равишда ходимларини ишдан бўшатишни бошлагани хабар қилинганди. Бунга апрелдан шакар импортига божхона тўловлари ва акциз солиғи ставкалари нолга тенглаштирилиши оқибатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлгани сабаб сифатида кўрсатилган.

Мавзуга оид