Ўзбекистон | 19:51 / 02.12.2021
59126
7 дақиқада ўқилади

“Бир ҳокимга уч машина” – Тошкент вилояти ҳокимлигининг хизмат машиналари ҳақида

Ўтган ойда Тошкент вилоятининг ҳокими ўзгарди. Йил бошидан буён вилоятни бошқариб келган Даврон Ҳидоятов ўрнида сўнгги икки йилда Қашқадарё вилояти ҳокими бўлган Зойир Мирзаев иш бошлади.

Даврон Ҳидоятовнинг Тошкент вилояти ҳокими сифатидаги сўнгги қарорларидан бири жуда ғаройиб. Гап шундаки, ишдан олинган куни у ҳокимлик балансидаги Captiva автомобилини вилоят экология бошқармаси балансига ўтказиб берган. Энг қизиғи, вилоят ҳокимининг қарори учун асос қилиб олинган ҳукумат қарори аллақачон ўз кучини йўқотган.

Зойир Мирзаев қонунга зид равишда қабул қилинган ушбу қарорни бекор қиладими ёки бунга кўз юмадими, буни вақт кўрсатади.

Ушбу воқеа бизни Тошкент вилояти ҳокимлиги 2021 йил 16 июнда қабул қилинган президент фармони талабларига қанчалик риоя қилаётганини текшириб кўришга ундади.

Фармонга кўра, 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб мансабдор шахсларнинг транспорт билан боғлиқ харажатлари ҳақидаги маълумотлар давлат органларининг расмий сайтларига ҳамда Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилиши белгиланган.

Вилоят ҳокимлиги расмий сайтидаги Очиқ маълумотлар бўлимида қайд этилишича, ҳокимлик тасарруфида 27та автомашина мавжуд.

Шундан:

2 таси Mercedes Benz S450 4MATIC;

2 та Toyota Land Cruiser Prado;

1 та Mercedes Benz E450 4MATIC;

1 та Malibu-2;

5 та Captiva-2;

1 та Cadillac XTS;

8 та Chevrolet Lacetti;

1 та Chevrolet Nexia-3;

1 та Damas;

2 та Mercedes Benz S320 W140;

1 та ГАЗ 31 Volga;

1 та ГАЗ 53

1 та Mercedes Benz 515 CDI автомобилларидир.

Ҳокимлик сайтидан билиш мумкинки, хизмат машиналарининг бир эмас, икки эмас, нақ учтаси вилоят ҳокимига бириктирилган. Булар S450 серияли иккита Mercedes Benz ҳамда битта Toyota Prado йўлтанламаси.

Тошкент вилояти ҳокимининг хизмат машиналари

Тошкент вилояти ҳокимининг нечта ўринбосари бор? 3тами, 5тами? Йўқ, 9та!

Ҳокимнинг биринчи ўринбосарига Malibu-2, кейинги 3 ўринбосарга эса Captiva-2, қолганларига Cadillac XTS, Toyota Land Kruzer Prado ҳамда 3та Lacetti бириктирилган.

Ўринбосарлардан ташқари вилоят ҳокими маслаҳатчилари ва ёрдамчилари ҳам сероб. Улар ҳам ишга пиёда келиб-кетмайди, албатта.

Вилоят ҳокимининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчисига Lacetti, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиларига эса Nexia-3 ҳамда Damas ажратилган.

Ҳокимнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси, вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармаси иш бошқарувчиси, Ташкилий назорат гуруҳи раҳбарига 3та Lacetti хизмат машинаси сифатида бириктирилган.

Mercedes Benz E450 ҳамда Mercedes Benz 515 CDI автомобиллари эса Тошкент вилояти ҳокимлигига ташриф буюрадиган меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган.

Ҳоким, унинг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, ёрдамчилари ва бошқа мансабдорлар хизмат машиналари билан таъминлангани камлик қилгандай, Тошкент вилоятидаги Президент халқ қабулхонаси ҳамда Бош вазир қабулхонаси раҳбарларига ҳам автомобил ажратиш вилоят ҳокимлиги чекига тушган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги 1та Captiva-2 ва 1та Lacetti ана шу икки идора раҳбари хизматини қилади. Ёнилғи-мой, эҳтиёт қисмлар, таъмирлаш ва бошқа харажатлар ҳам вилоят ҳокимлиги ҳисобидан сарфланади.

Очиқ маълумотларда келтирилишича, ҳокимлик ҳисобидаги 27та хизмат машинасидан 5таси носоз. Булар: 2012 йилда ишлаб чиқарилган Captiva-2, 1996 йилда ишлаб чиқарилган 2та Mercedes Benz, ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган 1та ГАЗ 31 Volga ҳамда 1та ГАЗ 53 автомобилларидир.

Ушбу автомобиллар нима учун ўз вақтида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилмагани, ҳалигача ҳокимлик балансида ушлаб турилгани номаълум.

Шунингдек, техник ҳолати “носоз” дея кўрсатилган мазкур транспорт воситалари таъмирлангудек бўлса, хизматга яроқли бўлиш-бўлмаслиги ҳам ноаниқ. Балки, ушбу кўрсатувдан сўнг вилоят ҳокимлиги бу масалага ойдинлик киритар...

Кўча-кўйда амалдорларнинг хизмат автомобиллари “тонировка” қилинганига кўз тушади. Жумладан, вилоят ҳокимлари ҳам ойналари қорайтирилган машиналарда юришади.

Хўш, оддий фуқаролар учун пулли қилиб қўйилган бу қулайлик ҳокимлар учун текинми ёки пулли?

Агар пулли бўлса, вилоят ҳокимлари хизмат машиналарини ўз ёнидан “тонировка” қилдирадими ёки солиқ тўловчилар ҳисобидан?

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бироқ Тошкент вилояти ҳокимлиги сайтидаги Очиқ маълумотлар бўлимидан бу саволларга жавоб топилмади.

Келинг, шу ўринда ҳокимлик ҳисобидаги хизматга яроқли автомобиллар қайси йилларда ишлаб чиқарилганини таҳлил қилиб кўрамиз.

2009 ва 2011 йилларда ишлаб чиқарилган ҳамда вилоят ҳокимига бириктирилган Mercedes Benz ҳамда Toyota Land Kruzer Prado ҳокимликдаги энг эски машиналар ҳисобланади.

Ҳозирга қадар ушбу автомобиллар мос равишда 158 минг ҳамда 320 минг км йўл босган. Вилоят ҳокимининг учинчи хизмат машинаси – яна бир Mercedes 2018 йилда харид қилинган, бироқ ўтган уч йил ичида у қанча йўл юргани номаълум.

Тошкент вилояти ҳокимлиги 2018 йилда яна икки машина сотиб олган. Булар – вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари фойдаланаётган Captiva-2 ва вилоят ҳокимининг Хотин-қизлар бўйича маслаҳатчисига бириктирилган Lacetti автомобилларидир.

2019 ва 2020 йилларда бештадан автомашина харид қилинган. Жумладан, ўтган йили вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари учун Malibu-2, ҳоким ўринбосарлари учун 2та Lacetti, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси учун Nexia-3, меҳмонлар учун микроавтобус сотиб олинган.

Ҳокимлик сайтида 2019 ва 2020 йилларда сотиб олинган автомобиллар учун қанча маблағ сарфлангани ҳақидаги маълумотлар келтирилмаган. Бундан ташқари, суриштирув давомида 2020 йилда ҳамда 2021 йилнинг ўтган даврида Тошкент вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги хизмат машиналарининг ёнилғи-мой, таъмирлаш ва бошқа харажатлари учун қанча маблағ сарфланганига оид маълумотларга дуч келмадик.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид