Ўзбекистон | 21:14 / 28.10.2020
13954
6 дақиқада ўқилади

Президент йиғилишида давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш бўйича янги ёндашувлар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда президентнинг 27 октябрь куни қабул қилинган «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.

Фармон иловаларига мувофиқ, 2 мингдан ортиқ давлат активларига тегишли масалалар тасдиқланган. Шундан 479та корхона ва 15та кўчмас мулк савдоларга қўйилади, 62та корхона хусусийлаштиришга тайёрланади, 32та корхона ва тармоқ трансформация қилинади, 507та бозор фаолияти такомиллаштирилади. Бундан ташқари, илгариги қарорларда кўрсатилган 386та ҳамда сотиш ваколати ҳокимларга берилган 559та объект савдоларга чиқарилади.

«Очиқ айтиш керак: олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти», деди Шавкат Мирзиёев.   

Йиғилишда шу борадаги муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилди. Аввало, тадбиркорларга таклиф этиладиган 479та корхонанинг ҳар бирига алоҳида ёндашиш, уларни соддалаштирилган тартибда савдога чиқариш кераклиги таъкидланди.

Масалан, Қарши шаҳридаги «Техник таъмирлаш-бутлаш» корхонасининг 2 гектар ер майдони ва 6,5 минг квадрат метрлик биноларидан фойдаланилмаяпти. Айни пайтда, бу ерда юзлаб тадбиркор ўз бизнеси учун ер ажратиш тўғрисида мурожаат қилган. Бундай мисолларни ҳар бир вилоятда кўплаб топиш мумкин.

Шу боис, бўш ер ва иншоотларни хатловдан ўтказиб, корхоналар эҳтиёжидан ортиғини аукционга чиқариш зарурлиги айтилди. Аввал қабул қилинган қарорлар доирасидаги ҳамда сотиш ваколати вилоят ҳокимларига берилган давлат объектларини хусусийлаштириб, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

62та йирик корхонани олдин инвестициявий жозибадорлигини ошириб, кейин хусусийлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Мисол учун, «Қўқон нефтгаз пармалаш ишлари» корхонасининг йиллик тушуми 85 миллиард сўм бўлса-да, соф фойдаси катта эмас.

Ёки, «Хоразмсувқурилиш» корхонаси сўнгги 2 йилда фойда олмаган. Ваҳоланки, Янгиариқ туманида ушбу корхонага тегишли 1 гектардан зиёд ер майдони ва 3 минг квадрат метрдан ортиқ даромад келтирмайдиган бинолари мавжуд.

Мутасаддиларга бу каби корхоналарни хусусийлаштиришдан аввал «диагностика» қилиш, аудитдан ўтказиш ва ҳисоб-китобини тўғрилаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Давлат лойиҳа институтларини трансформация қилиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

«Мамлакатимизда йирик қурилиш корхоналари кўпайиб бормоқда. Уларни давлат лойиҳа институтлари билан кооперация орқали боғлаб, лойиҳалар сифатини ошириш, бошқарувни яхшилаш мўлжалланмоқда.

Биринчи бўлиб, намуна сифатида «Қишлоқ қурилиш лойиҳа», «Оғир саноат лойиҳа», «Георангмет ЛИТИ», «Шаҳарсозлик ЛИТИ», «Тош уй-жой ЛИТИ», «Тошкeнт бошплан ЛИТИ» лойиҳа институтларида ушбу янги тизим жорий этилиши белгиланди. Лойиҳа институтларидаги давлат улуши кейинчалик ҳамкор қурилиш ташкилотларига сотилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда бозорлар билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилган. 500дан зиёд бозор ва савдо мажмуаларидаги давлат иштирокини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган. Ҳозирги кунда уларнинг 23таси зарар билан ишлаяпти, 210таси эса паст рентабелли.

«Бундай шароитда бозорларни ҳам савдо, ҳам дам олиш, ҳам кўнгилочар марказларга айлантириш яхши иқтисодий самара беради. Шу мақсадда лойиҳалар ишлаб чиқилиб, инвесторлар ўртасида танлов эълон қилиниши айтилди. Танлов ғолибига энг яхши шартларда банк кредити ажратилади. Шунингдек, тадбиркор бозор даромадини ошириб, солиқ тушумлари ва иш ўринларини мунтазам кўпайтириб борса, унга бозорнинг давлат улушини бўлиб-бўлиб харид қилиш имконияти берилади», дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимларига бозор ва савдо мажмуаларини шу тарзда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Президент фармонида 32та йирик давлат корхонаси ва хўжалик бирлашмаси трансформация қилиниши белгиланган. Хусусан, «Ўзкимёсаноат», «Ўзавтосаноат», «Ўздонмаҳсулот», «Ўзсувтаъминот» ташкилотлари бутун тизими билан трансформация қилинади. Шу мақсадда Молия вазирлигида алоҳида департамент ташкил этилди.

Мутасаддиларга қолган тармоқларни ҳам чуқур таҳлил қилиб, трансформация бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Аҳоли ва тадбиркорларга батафсил маълумот берадиган хусусийлаштириш маслаҳат клиникалари ҳамда колл-марказ ташкил этиш, методик қўлланма тайёрлаб, жойларга етказиш муҳимлиги айтилди. Шунингдек, телевидение орқали ҳам хусусийлаштириш борасида маълумот бериб борилади.

Олий Мажлис палаталарига президент фармони моҳиятини кенг тарғиб қилиб, хусусийлаштириш жараёнларини ҳалол ва очиқ-ошкора ўтишида парламент назоратини ўрнатиш тавсия қилинди. Шунингдек, хусусийлаштириш ҳамда давлат мулкини бошқаришга оид қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳисобот берди.

Мавзуга оид