Ҳаддидан ошган ҳайдовчилар машинасиз қолади: президент йўллардаги хавфсизлик бўйича муҳим таклифларни маъқуллади. Мустақилликдан олдин қурилган 17 мингта уй ўрнида янгилари қурилади: бунинг тартибини белгиловчи реновация қонуни имзоланди. Насия савдо асосидаги яна бир хусусийлаштириш бекор бўлди: Фарғонадаги нефт заводи тўлиқ давлат эгалигига қайтди. Ички ишларда икки ходим педофилияда айбланмоқда: уларнинг иккиси ҳам айнан вояга етмаганлар бўйича инспектор бўлган.

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида

Қўпол қоидабузарликлар бўйича ИИВдан таклифлар

Ички ишлар вазирлиги йўллардаги қоидабузарларни тийиш учун янги таклифлар билан чиқди. Пайшанба куни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов бу таклифларни давлат раҳбарига тақдимот қилди.

Унинг сўзларига кўра, бешта турдаги қўпол қоидабузарликлар учун транспортни вақтинча олиб қўйиш ёки мусодара қилиш тартиби илгари суриляпти. Ибрагимов бу бешта қоидабузарлик қаторида тезликни ҳаддан ташқари ошириш ҳам бор-йўқлигига аниқлик киритмади. У фақат битта ҳолатни тилга олди: транспортни бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс йўл безорилигини содир этган тақдирда, унга белгиланган жазога қўшимча равишда автомобилни мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш жазоси жорий этилади.

Ўта даражада ҳаддидан ошиб кетган қоидабузарларга нисбатан бундай жазо қўллашни жамоатчилик анча вақтдан бери сўраб келаётган эди. Шу билан бирга, масъуллар “автотеррорист”ларга нисбатан қонунчиликка янги модда қўшишдан ташқари, аллақачон бор моддаларни амалиётда кенгроқ қўллашни ҳам бошлаши керак. Биз аввалроқ Тошкент шаҳри марказида 214 км/соат тезликда ҳаракатланиб, шунчаки жарима билан қутулган Tesla мисолида, “йўл безорилиги” моддасининг санкциясида кўрсатилган гувоҳномадан маҳрум қилиш ёки “безорилик” моддасида кўрсатилган 15 суткагача маъмурий қамоқ жазолари ҳар доим ҳам амалиётда ишламаётганига