Жаҳон | 23:30 / 29.10.2020
15804
2 дақиқада ўқилади

Малайзиялик вазир Франция элчисига имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» китобини совға қилди

Малайзия дин ишлари вазири Доктор Зулкифли Муҳаммад ал-Бакри Франциянинг сатирик журнали Charlie Hebdo'да Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатураси чоп этилиши юзасидан афсусдалигини билдирди.

Фото: NST

У ўзининг Франция элчисига ёзган мактубида мусулмонлар экстремизм ва терроризмга қарши экани, бундай ҳаракатлар дунёдаги ҳеч қайси динга тегишли эмаслигини таъкидлаган. Бу ҳақда Малайзиянинг New Straits Times газетаси хабар берди.

«Биз жамиятнинг фаоллари сифатида бундай вазиятга тушган ёшларимизга қандай йўл тутиш кераклигини, ўзларининг норозиликларини тинч йўл билан намойиш қилишларини тушунтиришимиз керак», – дейди ал-Бакри.

«Биз мусулмонлар норозилигимиз белгиси сифатида провокацион карикатуралар чоп этмаймиз. Биз Расулуллоҳнинг «Сизларнинг яхшиларингиз бошқаларга қўли ва тили билан зарар етказмаганидир» деган ҳадисини маҳкам ушлаймиз», – деган у.

Шунингдек, Муҳаммад ал-Бакри хатга илова тарзида Муҳаммад алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари ҳақида битилган, имом ат-Термизий қаламига мансуб «Шамоили Муҳаммадия» китобини ҳадя қилаётганини айтиб ўтган. Унинг фикрича, бу совға Расулуллоҳ туғилган ойда берилгани ҳам бежиз эмас.

«Менимча, бу Франция–Малайзия муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди», – деган Зулкифли.

Маълумот учун, Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» асари ислом оламида энг кўп тарқалган китоблардан саналади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид