22:34 / 29.10.2020
3652

Samsung 3-чоракда рекорд тушум олганини маълум қилди    

Samsung Electronics компанияси 3-чорак бўйича молиявий ҳисоботини тақдим этди. Унга кўра, Жанубий Корея компаниясининг июль-сентябрь ойларидаги тушуми 67 трлн вонни (59 млрд доллардан кўпроқ) ташкил қилган. Бу компания учун янги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Компаниянинг шу даврдаги соф даромади 12,35 трлн вонни (10,9 млрд доллар) ташкил қилган.      

Фото: Reuters

The Verge нашрининг ёзишича, Samsung’да рекорд тушум кўплаб давлатларда карантин бекор қилингандан кейин қурилмаларга талабнинг ошгани билан тушунтирилган. Компанияда бу талабни қурилмаларни етказишнинг самарали бошқаруви ҳисобига қондиришга муваффақ бўлинган.    
 
Компания тушумининг ошишига асосан смартфонлар савдоси бош омил ҳисобланади. Шу билан бирга, Samsung’да маиший электроника ва хотира чиплари савдоси ҳажми ошгани маълум қилинган. 

Samsung 3-чоракдаги ижобий кўрсаткичларга қарамай, 4-чорак чиплар савдоси ҳажми пасайиши ва бозорда iPhone 12 смартфонлари пайдо бўлгани ортида рақобатчиликнинг кучайиши сабабли унча муваффақиятли бўлмаслигини кутмоқда. Компания 3-чоракда Galaxy Note 20, Galaxy Z Fold 2 ва Galaxy Z Flip 5G смартфонларини тақдим этган, янги смартфонлар тақдимоти эса январга белгиланган. Шу билан бирга, янги iPhone’лар чиқарилиши Samsung’га Apple смартфонларига OLED-дисплейлар етказиб бериши ҳисобига ҳам фойда келтиради.

Samsung’да таъкидланишича, компания 2021 йилда ўз эътиборини флагман қурилмалари қаторини кенгайтиришга, букилувчи экранли янги смартфонлар ишлаб чиқишга ҳамда смартфонларига 5G тармоқлари қўллаб-қувватланишини татбиқ қилишга қаратмоқчи. 

Top