Ўзбекистон | 12:29 / 29.10.2020
3621
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда янги маҳаллалар: уларга Сардоба тошқинидан зарар кўрган 10 мингдан ортиқ одам кўчади

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Сирдарё вилоятида бўлиб турибди. У Сардобадаги техноген фалокатдан зарар кўрган учта туман аҳолиси учун қурилган уй-жойлардаги шароит ва аҳолининг янги уйларга кўчиб кириш тартиби билан танишмоқда.

Тошқиндан талафот кўрган 3та туман: Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари аҳолиси учун 3та янги маҳалла қурилди. Улар Сардоба ва Мирзаобод туманлари ҳудудида жойлашган.

Мирзаобод туманининг Янги Ўзбекистон маҳалласида 20та кўп қаватли уй қуриб битказилган. Улар 800 хонадон учун мўлжалланган.

Туманнинг «Навбаҳор» маҳалласида эса 360 хонадондан иборат 9та кўп қаватли уй қурилган.

Яна бир янги маҳалла Сардоба туманидаги «Дўстлик» маҳалласи ҳисобланади. Унинг ҳудудида 37та кўп қаватли уй жойлашган бўлиб, 1 480 хонадонга мўлжалланган.

Маҳаллаларга кўчиб келадиган аҳоли 10 мингдан ортиқ. Оилалар эса 2 712тани ташкил қилади. Янги аҳолининг 800дан кўпроғи ишсиз фуқаролардан иборат.

Kun.uz мухбири хабар беришича, бош вазир иштирокидаги йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов бошчилигидаги ишчи гуруҳга ҳудуддаги ишсизлар сонини аниқлаш, уларни иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш, оилавий тадбиркорликни - балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик ва интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, аҳоли ташкил қилган корхоналар маҳсулотларини реализация ва экспорт қилишга кўмаклашиш топшириқлари берилди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид